Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди. Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2022 йил бошидан буён аҳолининг миллий валютадаги муддатли омонатлари бир ярим баробарга ошди.
Жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашё ва энергия ресурслари нархларининг ошиши фонида 2022 йилнинг учинчи чорагида ҳам глобал инфляциянинг тезлашуви давом этмоқда.
Инфляция жараёнларини жиловлаш учун жаҳон марказий банкларининг аксарияти монетар шарт-шароитларни қаттиқлаштирмоқда, бу эса шунга мос равишда жаҳон бозорларида молиявий ресурслар нархининг ошишига олиб келади.
Хусусан, АҚШ Федерал резерв тизими фоиз ставкаларининг ошиши ва жаҳон валюта-кредит шароитларининг кескинлашуви туфайли бошқа жаҳон валюталари АҚШ долларига нисбатан қийматини йўқотмоқда. Йил бошидан бери доллар индекси 17 фоизга ўсган ва аллақачон 112 пунктга этган.
Марказий банкнинг таъкидлашича, бу ҳолат ўз навбатида истеъмолдаги импорт улуши анъанавий юқори бўлган ва инфляция кутилмалари валюта курси ўзгаришига сезгир бўлган мамлакатларда инфляция жараёнларининг тезлашишига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, ташқи савдонинг ўзгарган ташқи муҳитга мослашиши туфайли Ўзбекистонга валюта оқимлари ҳажмида ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳолининг реал даромадлари ошгани маълум қилинганди.
Шунингдек, Ўзбекистонда июльʼ ойи учун инфляция даражаси эълон қилинганди ва Ўзбекистонда 2025 йилгача аҳоли жон бошига ЯИМ 2500 долларга этказилиши айтилганди.