Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ушбу мамлакат Таълим ва илм-фан вазирлиги Реаниматология ва реабилитация федерал илмий-клиник марказининг Олий ва иккинчи профессионал мутахассислик институти ректори Виталий Охлопков билан учрашди.

Элчихонаси маълумотига кўра, тадбирда анестезиология-реаниматология ва патологик физиология соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

В.Охлопков ўзбекистонлик анестезиолог-реаниматологларнинг малакасини ошириш бўйича курслар ташкил этиш, шунингдек, аспирантура ва ординатурада ўқиш истагида бўлган ўзбек мутахассисларини шартнома асосида ўқишга қабул қилишга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, россиялик мутахассислар иштирокида Ўзбекистонда турли анжуманлар, хусусан, лекциялар, маҳорат дарслари ўтказиш, ўзаро тажриба алмашишни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Реаниматология и реабилитология маркази 2014 йилда ташкил этилган. У узоқ вақт давомида сунъий шамоллатиш тизимига уланган, мия фаолиятида жиддий ўзгаришлари бор беморларни даволаш ва реабилитация қилишга ихтисослашган.

Марказ пандемия даврида Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги коронавирус инфекциясига чалинган беморларни реабилитация қилиш бўйича консультатив марказга айлантирилган. Муассаса россиялик тиббиёт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда етакчи мавқега эга.

Институтда ординатура ва аспирантура босқичларида «Анестезиология-реаниматология» ва «Патологик физиология» йўналишлари бўйича олий даражадаги мутахассислик тайёрланади, деб хабар беради «Дунё» АА.