Малака ошириш дастури давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссияси баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Туркия Республикаси Президентининг Инсон ресурслари офиси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.
Дастур бўйича делегациямиз учун Анқара, Истанбул ва Кония муниципалитетларига ташриф, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш, ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги, туризм, шаҳарсозлик каби соҳаларда учрашувлар ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилган.
— Мамлакатимизда ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бошланган, бу пайтда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим ҳисобланади, — деди Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров. — Туркияда кадрларни давлат хизматига босқичма-босқич тайёрлаш, малакасини ошириш, масъулиятли вазифаларга тайинлашда самарали натижага эришилган. Давлатда туризм хизмати, хорижий сайёҳларга кўрсатилаётган хизмат турлари билан яқиндан танишдим. Келгусида Бухорода туризмни янада ривожлантиришда ушбу амалиётнинг самарали усулларидан фойдаланишни мақсад қилдим.
Таъкидлаш керакки, делегациямиз аъзолари маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашни такомиллаштириш, истиқболли кадрларни танлаш ва саралаш, ҳудудий дастурлар ва йўл хариталар ижросини таъминлаш каби йўналишларда ҳам тажрибаларини орттиряпти.
— Ўзбекистондан давлат бошқаруви соҳасида фаолият олиб бораётган делегация аъзолари тажриба алмашиш, малака ошириш мақсадида мамлакатимизга келди. Биз делегацияни мамнуният билан кутиб олдик, — дейди Туркия Республикасининг Ички ишлар вазирлиги масъул вакили Бегум Булут. — Ушбу ташриф иккала мамлакат давлат хизматчилари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз учун самарали бўлади.
Сафар дастурга мувофиқ, делегациямиз Туркия Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси, Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Анқара ҳокимияти ва туман ҳокимликлари, шунингдек турли ижтимоий-иқтисодий, ишлаб чиқариш зоналарида бўлиб, мулоқотларда иштирок этяпти.
— Туркияда малака ошириш давомида биз мамлакатдаги бошқарув тизими, инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий амалиётини татбиқ қилиш, давлат хизматида карьера ва самарадорликни бошқариш каби мавзулар кенг ёритилган семинарларда иштирок этдик, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Абатбай Данияров. — Айниқса, ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларга яратилиб берилаётган имкониятлар ҳақидаги маълумотлар билан қизиқиб, ҳар иккала давлатнинг ёшлар сиёсатидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга келишиб олдик. Хизмат сафари давомида олинган тажриба ва билимларни Қорақалпоғистон Республикасидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга янги имкониятларни яратиш учун амалиётга татбиқ этишда имкониятимиз етарли деб ҳисоблайман.
Эслатиб ўтамиз, делегациямиз таркибига 10 нафар туман (шаҳар) ҳокими ва ўринбосарлари, ёшлар масалаларида самарали натижа кўрсатган 5 нафар давлат хизматчиси ҳамда 5 нафар маъмурий ислоҳотлардаги ишчи гуруҳ аъзоси киритилди.
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги матбуот хизмати.