Миграция агентлиги ва Япониянинг Proud Partners компанияси ҳамкорлигида етказиб берувчи ҳайдовчи лавозимлари учун номзодлар танлови эълон қилинди.
Маълум қилинишича, жами 100 та иш ўрни мавжуд бўлиб, номзодлар 21–35 ёш оралиғида, интизомли ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилувчи бўлиши лозим. Япон ёки инглиз тилини билиш номзодга устунлик беради.
Компания томонидан номзодлар 28–30 январь кунлари онлайн суҳбат орқали саралаб олинади. Танловдан ўтганлар 16 февралдан Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида бошланадиган 6–8 ойлик бепул ўқув курсларида қатнашади. Ўқув даврида ётоқхона билан таъминланади.
Иш тартиби ҳафтасига 5 кун, кунига 8 соат. Турар жой иш берувчи томонидан тақдим этилади, ходим ойига 200 доллар, қолган қисми эса компания ҳисобига қопланади.
Ойлик маош 2000 доллардан бошланиб, йилда бир марта оширилиши мумкин. Белгиланган иш вақтидан ташқари соатлар учун қўшимча ҳақ тўланади. Шунингдек, иш унумдорлигига қараб йилига икки марта моддий рағбатлантириш белгиланган.
Авиабилет харажатлари қопланади, ишчи виза расмийлаштирилади (харажатлар компенсация қилинади), тиббий ҳамда ижтимоий суғурта билан таъминланади. Овқатланиш харажатлари номзод ҳисобидан бўлиб, ойига тахминан 300 долларни ташкил этади.
Ишга қизиққанлар Миграция агентлигининг “Xorijda ish” платформаси орқали рўйхатдан ўтиши лозим.
Мурожаат учун: 1282, (71) 202-33-55, ички рақамлар: 535, 545