Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги 3982-сонли қарори ижросини самарали таъминлаш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, шу жумладан тарихи, маданияти ва урф-одатларини хориж фуқаролари орасида тарғиб қилиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси чет элдаги ватандошлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Улар билан биргаликда Ўзбекистон илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизни чет элларда янада кўпроқ танитиш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширилмоқда.

Маҳбуба Камалова ҳам Ўзбекистон имижини дунёга, хусусан Японияда танитиш йўлида давомли меҳнат қилмоқда. 2010 йилдан буён Япониянинг Фукуока префектурасида истиқомат қилаётган бу ватандошимиз ҳам бошланғич ва ўрта мактаблар, лицей ва олий таълим марказларида таълим олувчи япониялик ёшларга Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, туризм салоҳияти, урф-одатлари ва миллий қадриятлари бўйича таълим беради. 

Камалова ўзининг меҳнатсеварлиги ва ишига бўлган садоқати орқали японияликлар орасида алоҳида ҳурмат ва эътибор қозонган. Юртдошимиз тақдимотларда япон ёшларига ўзбек миллий таомларини тайёрлаш, миллий либослар тақдимоти ва мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари тўғрисида ахборот бериб, мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. У ўзининг маҳорат дарслари доирасида палов, сомса, чучвара каби миллий таомларимиз ҳамда пахлава каби ширинликларимизнинг тайёрланиш технологияларини япониялик ёшларга ўргатиб келмоқда.

Маҳбубанинг дарсларида иштирок этаётган ёшлар сонининг тобора ошиб бориши эса Япония ёшлари томонидан Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кун сайин ортиб бораётганидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатимиз туризм салоҳиятини фаол тарғиб қилиб келаётган Маҳбуба Камаловага самимий миннатдорчилигини билдиради.