Сафар мамлакатимизнинг Ригадаги элчихонаси кўмагида Европа Иттифоқидан грант маблағларини жалб этиш, шунингдек, «ENGINE» лойиҳаси доирасида Европанинг энг илғор амалиётини ўрганиш мақсадида ташкил этилди.

«ENGINE» лойиҳаси ЕИнинг «Central Asia Invest V» дастури доирасида Латвия ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

Амалий сафар доирасида меъмор ва қурувчиларни профессионал сертификатлаш тизимини жорий этиш ва тартибга солиш бўйича хорижий тажрибани ўрганишга эътибор қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси Латвия иқтисодиёт вазирлиги, Миллий аккредитация бюроси, Муҳандислар ва меъморлар уюшмаси ва Қурилиш назорати давлат бюросида учрашувлар ўтказди.

Икки мамлакатнинг қурилиш стандартлари, қурилишни сертификатлаш тартиби, шунингдек муҳандислик-қурилиш ташкилотлари сифатини назорат қилиш ва баҳолаш ишлари таҳлил қилинди. Ўзбекистонлик мутахассислар шаҳар инфратузилмасини қуриш жараёнларини ягона бошқаришнинг давлат рақамли тизимини яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

«Cleantech Латвия»  экологик кластери ижрочи директори Эвиа Пудане билан учрашув чоғида Ўзбекистонга муҳандислик, қурилиш ва лойиҳалаш соҳасида грант маблағларини жалб қилиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Сафар якунлари бўйича «UZACE» Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси, «Cleantech Латвия» экологик кластери ва Латвия иссиқлик, газ ва сув муҳандислиги технологиялари муҳандислари уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Ҳужжат қурилишни сертификатлаш ва стандартлаштириш, муҳандислик ва архитектура фаолияти сифатини назорат қилиш ва баҳолаш, рақамли дизайн технологияларини жорий этиш, қурилишни бошқариш жараёнини тизимлаштириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришни назарда тутади.