Ўзбекистон Нотариал палатаси хорижий ҳамкорликни кучайтириш, халқаро нотариал майдонда Ўзбекистон нотариатининг ўз ўрнига эга бўлиши, нотариатнинг ўзбек моделини оммалаштириш, шу билан биргаликда илғор тажрибаларни ўрганиб, соҳага жорий этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишни ўз олдига мақсад қилган.
Шу муносабат билан ўзбек нотариусларининг малакаларини ошириш учун чет элларга сафари мунтазам амалга оширилиб борилмоқда.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходим ва ўқитувчи -профессорлари ҳамроҳлигида бир гуруҳ нотариуслар япониялик ҳамкасбларининг иш тажрибаларини ўрганиш мақсадида Японияда бўлиб турибди.
Ўзбекистонлик нотариуслар Япония нотариуслари миллий ассоциациясига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Япония НМА вакиллари билан учрашув ўтказилиб, нотариат соҳасидагиянгиликлар борасида фикр алмашилди. Тушдан сўнг, меҳмонлар Токио шаҳрининг Касумигасэки кўчасида жойлашган нотариал идорага ташриф буюрдилар ва япон ҳамкасбларининг аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш услублари билан яқиндан танишдилар.
Бугун, ташрифнинг учинчи куни, Ўзбекистонлик нотариуслар Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот ва таълим институтининг халқаро ҳамкорлик бўлимига ташриф буюрди. Бу ерда ўтказилган семинарда нотариуслар эътиборига ушбу бўлим фаолияти ҳақида тақдимот намойиш қилинди. Шунингдек, япониялик мезбонлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолияти ҳақида тақдимот билан танишдилар.
– Ўзбекистон делегацияси Япония Адлия вазирлигида қабул қилинди. Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳуқуқи бошқармасида бўлдик. Бу ерда бизга Япония нотариат тизими ҳақида батафсил маълумот берилди. Вазирлик қошидаги Илмий-текшириш ва таълим университети Халқаро ҳамкорлик бўлимига ташриф буюрдик ва бу ерда нотариат соҳасида олиб борилаётган изланишлар, экспонатлар билан таништиришди. Ҳаммаси жуда юксак савияда ташкил этилган, - дейди Зангиота туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Лола Самарходжаева.
Эслатиб ўтамиз, Япония аҳолиси 125 млн. нафардан зиёд, нотариуслар сони – 500 нафар, нотариус аёллар – 15 нафар, 286 та нотариал идора бор. Японияда 30 йил прокурор ёки судья бўлиб ишлагандан сўнггина нотариус бўлиш мумкин.