Айни кунларда Финляндиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйган қатор компания раҳбарлари ва вакиллари таълим соҳаси бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун мамлакатимизда бўлиб турибди.
Мазкур ташриф доирасида талабалар алмашинуви ҳамда илмий тадқиқот ишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича хорижлик инвесторлар ва Навоий давлат кончилик институти мутасаддилари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Учрашув аввалида меҳмонлар институт фаолияти, яратилган шароитлар билан батафсил таништирилди. Шунингдек, “PK Safety and Rescue” компанияси бош директори, Оулу кончилик институти тадқиқотчи профессори Пертти Кортеярви ўзининг илмий тадқиқот ишлари ҳамда Оулу университети бўйича тақдимот қилди.
Музокаралар якунида Навоий давлат кончилик институти ва Edunation компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, Навоий давлат кончилик институти талабалари учун Финляндияда таълим олиш имкониятлари яратилади. Шунингдек, мазкур ҳамкорлик алоқалари талабалар, профессорлар ва илмий ходимлар алмашинуви ва қўшма таълим дастурларини жорий этиш орқали ривожлантирилади.
Маълумот учун: жуда кенг илмий базага эга Оулу университети Финляндиянинг энг йирик университетларидан бири ҳисобланади. Оулу шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаси 1958 йилда ташкил этилган. Университетда 16 мингга яқин талаба ва 3 минг ходим ишлайди. Уларнинг 200 дан ортиғи профессорлардир.
Дунёнинг энг нуфузли рейтинг агентликларидан ҳисобланган Quacquarelli Symonds (QS) талқинига кўра, Оулу университети дунё рейтингида 408 ўринни банд этган.