Танлов жараёнининг шаффофлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида вазирлик ҳузуридаги Эксперт гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан қўшимча экспертлар жалб этилди. Вазирлик ва идоралардан тегишли тартибда тақдим этилган 32 нафар номзодлар ва улар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)лар ҳамда номзодларнинг илмий стажировка тақдимотлари ҳимояси чуқур таҳлил қилинди.
Республикамиздаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда номзодларнинг тақдимот ҳимоялари “Zoom” платформасида онлайн форматда видеомулоқот шаклида ўтказилди.
Саралаш жараёни якунларига кўра, ўсимликлар, экинларни яхшилаш ва экотизимини тиклаш йўналиши бўйича 2 нафар; яйловлар, яйловлар экологияси ва чорвачиликни бошқариш йўналиши бўйича 2 нафар; амалий метеорология, иқлимшунослик ва масофадан зондлаш йўналиши бўйича 3 нафар; тупроқ экологияси ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўналиши бўйича 3 нафар жами 10 нафар номзод Мақсадли танлов ғолиблари сифатида маъқулланди. 22 нафар номзод Эксперт гуруҳи хулосасига асосан рад этилди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда вазирлик томонидан 2020 йилнинг 30 сентябрига қадар ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотлар (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан, илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича танлов давом этмоқда. Уни ўтказиш билан боғлиқ тартиб ва талаблар ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-саҳифаси www.mininnovation.uz орқали батафсил маълумот олишингиз мумкин.