«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасида Покистон Ислом Республикасининг «АКД Гроуп» инвестицион компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича сўз юритилди.

Дастлаб йиғилганларга «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари Бахтиёр Бобоқулов мамлакатимиздаги қурилиш материаллари саноатининг бугунги ривожланиш истиқболлари, янги турдаги қурилиш материаллари, экспорт кўлами, мавжуд қувватлар ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтди. Шунингдек, икки давлат ишбилармон доира вакиллари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлар хусусида таъкидланди.

Покистон делегацияси вакиллари Ўзбекистон қурилиш материаллари саноатига юксак баҳо бераркан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган базальт арматура каби қурилиш материалларини экспорт қилиш бўйича ҳамкорликда фаолият олиб бориш таклифини билдиришди.

Тадбир давомида Покистон Ислом Республикасининг «АКД Гроуп» инвестицион компанияси билан келгусида ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бориш юзасидан келишиб олинди.