Музокарада мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Таъкидландики, Ўзбекистон жалб қилинган маблағлар бўйича кетма-кет иккинчи йил Банкнинг Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик ҳамкорига айланяпти. Биргина 2021 йилда ЕТТБ муқобил энергетика, инфратузилмавий ривожланиш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳаларида 22 инвестициявий лойиҳани амалга ошириш доирасида мамлакатга қарийб 700 млн. доллар инвестиция киритди. Шу билан бирга, ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ЕТТБнинг инвестициялар киритилиши бўйича «топ-5 мамлакатларига» кирди.
Бугунги кунга келиб ЕТТБ кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар портфелига 838 миллион евро қийматидаги 11 та лойиҳа киради. Мазкур лойиҳаларни ҳаётга жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама этилиб, аниқ муддатлар ва кутилаётган натижалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон томони ЕТТБ ҳамда Ўзбекистоннинг хусусий компаниялар ва тижорат банклари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари ўзаро ривожланаётганлигини олқишлади. Ҳамкорлик ўрнатилганидан буён ЕТТБ 106 та лойиҳани амалга ошириш учун 2,8 миллиард евродан ортиқ маблағни олиб кирди. Банк инвестициявий портфелининг 48 фоизи хусусий секторни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларидан иборат ҳамда мамлакатимиз тижорат банкларига кичик ва ўрта бизнес учун мўлжалланган кредит линиялари шаклида ажратилган умумий молиялаштиришнинг ҳажми 450 миллион долларни ташкил этади.
Мулоқот чоғида томонлар давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштиришда техник ёрдам кўрсатиш, инвестициявий муҳитни юксалтиришнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, аралаш молиялаштириш воситаларини жорий этиш орқали коммунал хизматлар ва инфратузилмавий ривожланишнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, молия бозорини ривожлантириш ва маҳаллий экспортёрларни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича навбатдаги тадбирларни муҳокама қилди.
Инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш воситаларини, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқларига бозор механизмларини жорий этишни ўз ичига оладиган Ўзбекистон саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш борасида ҳамкорлик қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамкорликнинг ушбу йўналиши доирасида биргаликда иш олиб бориш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, «яшил» иқтисодиётни илгари суриш борасида ЕТТБ кўрсатаётган молиявий ва маслаҳат ёрдамининг ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда «яшил» лойиҳалар Марказини ташкил этиш ташаббуси кўриб чиқилди, бу эса ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва хусусий инвесторларнинг «яшил» технологияларни илгари суриш ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга имкон беради.
Музокаралар кун тартибида гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги иштирокини ошириш чора-тадбирларига муҳим ўрин берилди. Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Аёллар бизнесда» дастурини янада кенгайтириш йўллари алоҳида муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, бошқа масалалар, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида Банкнинг янги офисларини очиш истиқболлари, 2023 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЕТТБ Бошқарувчилар Кенгашининг Йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш, шунингдек, жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестициявий форумида Банк раҳбариятининг иштирокини ташкил қилиш имкониятлари муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.