Ташриф давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов билан учрашди.
Ўзаро мулоқот давомида томонлар мавжуд ҳамкорлик ва уни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқишди.
Тошкент шаҳар ҳокими Татаристон шаҳарсозлик, инфратузилмани янгилаб бориш, «ақлли шаҳар» тизими ва бошқа IT технологияларини жорий этишда илдам бораётганлигини алоҳида қайд этди.
Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов эса мамлакатимизнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари салмоқли эканлигини қайд этиб, дунё давлатлари билан алоқалари ҳам ривожланиб бораётганини таъкидлади. Айниқса халқимизнинг меҳмондўстлиги ва юртимизда беқиёс тарихий обидалар борлигини қайд этиб, туризмни ривожлантириш истиқболлари катта эканлигига тўхталиб ўтди.
Учрашув якунига кўра томонлар, инвестиция, ташқи савдо, маданият, туризм, таълим, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, шаҳарсозлик, инфратузилма ҳамда транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.