Тақдимотда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик кластерлари, АҚШ тўқимачилик индустрияси вакиллари, Ўзбекистон аграр секторидаги АҚШ инвесторлари – «CNH Industrial» ва «John Deere», Пахта бўйича Миллий кенгаш савдо бирлашмаси, «Global Trade Alliance of America» компанияси, Қўшма Штатларнинг Тижорат хизмати, Давлат департаменти ва дипломатик корпус, шунингдек, Халқаро молия корпорацияси ва Жаҳон банки вакиллари иштирок этди.
Тадбир бошида Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг рақобатбардош устунликлари, қишлоқ хўжалигида кластер ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятлари ва пахта йиғим-терими жараёнини механизациялаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон кластер тизими доирасида меҳнат амалиёти бўйича тўлиқ ошкораликни таъминлаш ва ишлаб чиқариш циклининг барча босқичларини – пахта етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача кузатиш имконини берадиган замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар тушунтирилди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, пахта толасини қайта ишлаш соҳасидаги мавжуд салоҳият, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Ўзбекистон ички ва ташқи бозори эҳтиёжлари ҳақида маълумот олди.
«UztexGroup», «Bunyoidkor Textile», «Nil Granit» ва «Haj Textile» миллий тўқимачилик компаниялари ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти алоҳида намойиш этилди.
«White & Case» компанияси вакили К.Ёнг «давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалигидаги инқилобий ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон тўқимачилик сектори мисли кўрилмаган ўсиш суръатларини намойиш этяпти», — деб таъкидлади.
АҚШнинг кўплаб тўқимачилик брендлари манфаатларини ҳимоя қилувчи «Fontheim International» компанияси президенти К.Фонтейн «Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик саноати Европа ва Америка бозорларида ўз иштирокини кенгайтириш учун тарихий имкониятга эга», — деб таъкидлади.
Тақдимот вақтида Ўзбекистон кластер тизимида қўлланиладиган етказиб бериш занжирларида кузатишни таъминлаш механизмлари, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув стандартлари (ESG), тайёр тўқимачилик маҳсулотларининг транспорт йўналишлари ва экспорт бозорлари ҳақида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга изоҳлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.