Дала тадқиқотлари натижасида Кўҳитангтоғ тизмаси ҳудудидан палеолит даврига оид ёдгорлик аниқланди. Кўҳитанг тоғининг ички қисмида кўплаб тор даралар мавжуд бўлиб, уларда геологик жараёнлар натижасида кўплаб ғор ва унгурлар шаклланган. Уларнинг биридан қадимги даврда ибтидоий одам аждодлари мавсумий бошпана сифатида фойдаланган.

Дастлабки кузатувлар натижасида ёдгорлик ер сатҳидан кўплаб тош узаклар, уларнинг парчалари, учринди ва пластиналар ҳамда қуроллар йиғиб олинди. Ёдгорлик маданий қатламлари ҳолатини аниқлаштириш учун 1х2 метр ҳажмида шурф қазилди. Қазув ишлари ер сатҳидан 0,5 метр чуқурликда қоятош ётғизиқларида тўхтатилди. Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат эканлиги аниқланди. Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, унда ҳам кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилди.

Ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешик-тош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшашлиги билан аҳамиятлидир. Ёдгорликдан топилган тош буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси ва тош буюмлар маданий жиҳатдан айнан Тешик-тош ёдгорлиги анаъаналарини такрорлайди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари мазкур ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда.