Анжуман Ўзбекистон раҳбариятининг тарихий ва маданий мерос, хусусан, археологик ёдгорликларни ўрганиш, асраш, улардан фойдаланиш, оммалаштириш ва барқарор бошқариш бўйича ечим топишга интилиши мақсадида ташкил этилган.
Хусусан, анжуман доирасида Марказий Осиё археология меросини бошқариш тамойиллари декларацияси — археология меросини ҳимоя қилиш ва уни тарғиб қилиш хусусидаги миллий ҳукуматлар ва илмий-академик жамоатчилигининг умумий қарашларини акс эттирувчи, Марказий Осиёда ишлаб чиқилган ўз наздидаги илк стратегик ҳужжатни қабул қилиш режалаштирилган.
“Мазкур анжуман бутун Марказий Осиё учун жуда аҳамиятли воқеа. Учрашув доирасида ўта муҳим ҳужжат — ‘Марказий Осиё археология меросини бошқариш тамойиллари декларацияси’ни муҳокама қилиш ва қабул қилиш режалаштирилган. Бу эса минтақа тарихида мазкур йўналишдаги илк ташаббус бўлиб, у барча археологик меросни ўрганиш, асраш ва уни энг юқори халқаро даражада оммалаштириш йўлида Марказий Осиё давлатларини бирлаштиришга хизмат қилади” — деди бош вазир ўринбосари туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.
Вазирнинг сўзларига кўра, эришилган ютуқларга қарамасдан, ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига Ўзбекистоннинг бешта обекти киради.
“Ҳақиқатни таъкидлаш жоизки, ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига Ўзбекистон Республикасининг бешта объекти киради, бу эса ёдгорликларимизнинг умумий сонининг 0,4 фоизини ташкил этади. Бу муайян кўрсаткич ёдгорликларнинг сони ва ноёблиги эмас, балки тамомила диққат марказимиздаги меросни бошқариш муаммосидан далолат. Туризм ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси бу борадаги фаол ишларни давом эттирди.
Шундай қилиб, 2021 йилда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон олимларининг ‘Буюк Ипак йўли: Зарафшон–Қорақум йўлакчаси’ туркум трансмиллий номинациясига номзодлик досесини тайёрлаш бўйича узоқ вақт давом этган узлуксиз ҳамкорлик ишлари якунланди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳудудида жойлашган табиий мерос обьекти бўлмиш «Совуқ Турон чўллари’нинг туркум трансмиллий номинацияси файлини тайёрлаш ишлари якуний босқичга келган” — деган у.
Таъкидланишича, бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг топшириғига биноан 2021 йил апрель охири май ойи бошларида Қорақалпоғистонда халқаро экспедиция иш бошлаган ва у Қорақалпоғистон ёдгорликларини “Ипак йўли: Амударё йўлаклари”, “Қадимги Хоразм мероси” ва “Миздоқхон учтепаси” каби номинациялар доирасида ЮНEСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш стратегиясига асос солган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда республика ҳудудида 4788 та археология объекти мавжуд бўлиб, ҳар йили 50 дан ортиқ археологик тадқиқотларни олиб борувчи экспедициялар амалга оширилади. Шу жумладан, Япония, Франция, Италия, Россия, АҚШ ва Хитой мутахассислари билан бирга 15 дан ортиқ халқаро археологик тадқиқот олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, ушбу тадбир Туризм ва спорт вазирлиги, ЮНEСКО бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кўмагида ташкиллаштирилган.