«Ўзбекистонда, жумладан, қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Покистон кенг жамоатчилиги ва Покистон оммавий ахборот воситалари мутахассислари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинмоқда», дея қайд этади агентлик бош муҳаррири Риёз Аҳмад.
Мақолада Ўзбекистонда қурилиш соҳасида олиб борилаётган ишларга тўхталар экан, «Бу йил қишлоқ жойларда 12 мингдан зиёд уй ва шаҳарларда 18 мингга яқин кўп қаватли уй қурилмоқда», — деб ёзади муаллиф. Шу билан бирга, у Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Сардоба» сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият оқибатида зарар кўрган фуқаролар учун 86 та беш қаватли уй-жой мажмуасини қурилиши ташаббусини юқори баҳолади.
Бундан ташқари, мақолада Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатимизда илмий-тадқиқот институтларини яратиш борасидаги ҳаракатларига ижобий баҳо берилган.
Мамлакатимиз раҳбариятининг Нукус шаҳрини ободонлаштириш ва кўчаларни кўкаламзорлаштириш, сув омборлари, боғлар, майдонлар, шунингдек, кўплаб савдо дўконлари ва маиший хизмат кўрсатиш марказларини яратиш лойиҳаларини амалга ошириш орқали Қорақалпоғистон аҳолисининг дам олиш шароитини кенгайтиришга даъвати ҳам ижобий қайд этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.
«Умуман олганда, Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси бошқа мамлакатлар, шу жумладан ҳар йили табиий офатлардан азият чекаётган Покистон учун фойдали бўлиши мумкин», деб хулоса қилинади мақолада.