Исроилнинг Тел-Авив шаҳрида Ўрта ер денгизи халқаро сайёҳлик кўргазмаси – “IМТМ-2023” (The International Mediterranean Tourism Market) ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистоннинг миллий стенди ҳам намойиш этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай мамлакат сайёҳлик салоҳиятини оширишда туризм хизматларининг ташқи бозорларда фаол тарғиботини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, Ўзбекистоннинг нуфузли “IМТМ-2023” кўргазмасида қатнашаётгани тадбирга ташриф буюрувчиларни юртимиз сайёҳлик имкониятлари, бой маданиятимиз ва анъаналаримиз билан яқиндан таништириш асносида туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Бу йилги IМТМда, шунингдек, Беларус, Черногория, Венгрия, Франсия, Греция, Озарбайжон, Португалия, Япония, Қирғизистон, Литва, Туркия, Словакия, Грузия, Жанубий Корея, Чехия, Испания каби давлатлар ўз стендларини ташкил қилган.
Икки кунлик кўргазмага 26 мингга яқин меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Ўз навбатида, "IМТМ-2023" доирасида Глобал сайёҳлик инновацион форуми ҳам бўлиб ўтади.
Ўзбекистон делегацияси томонидан бой маданий ва ишбилармонлик дастури тайёрланган. Жумладан, бугун "Expo Center Tel Aviv"" кўргазма маркази ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги – “Milliy PR-markazi” DUKning “Uzbekistan – The Crossroad of Civilizations. Tourism Potential of Uzbekistan” мавзусида тақдимоти ҳамда машҳур ўзбек ошпази Баҳриддин Чустий ва Бухоро яҳудийлари авлодидан бўлмиш исроиллик ошпаз Yisrael Aharoni томонидан “Gastronomy of Uzbekistan” мавзусида қўшма тақдимот ўтказилади.
Тақдимот якунида таниқли ошпазлар "маҳорат дарси" ҳам ўтишади. Ташриф буюрувчилар ўзбек миллий таомларидан татиб кўрадилар. Ўз навбатида, санъаткорларимизнинг миллий мусиқий чиқишларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
15-февралm куни "Ennis Culture Centre" маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилади.
"IМТМ-2023" халқаро кўргазмаси давомида Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Исроил туроператорлари билан ишбилармонлик учрашувлари, қўшма турларни амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шунингдек, жорий йил ноябрь ойида ўтказиладиган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок етиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.