Жумладан, Ўзбекистон — сув стрессини камайтиришдаги ютуқлари, Хитой – санитария соҳасидаги тараққиёти, Сан-Томе ва Принципи – ичимлик сувига етишишни яхшилаш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашиши учун 7 июль куни Нью-Йорк шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 2026 йилги Юқори даражадаги сиёсий форумига таклиф этилди.
Форумда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев мамлакат эришган ютуқлар ҳақида маълумот бериб, ўзига хос тажриба билан ўртоқлашди.
Жумладан, Ўзбекистонда сув стресс кўрсаткичи 2017 йилдаги 169 фоиздан 2022 йилда 122 фоизгача пасайиб, 47 та пунктга камайгани қайд этилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида сув хўжалиги соҳасидаги институционал ва ҳуқуқий ислоҳотлар, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув хўжалигини рақамлаштириш ва Ўзбекистон минтақавий сув дипломатиясини ривожлантириш масалалари амалга оширилгани таъкидланди.
Маълумот учун, Форум 2015 йилдан бери ҳар йили ўтказилиб келинмоқда. У миллий идоралар раҳбарлари, БМТ тизими, академик ҳамжамият ва бошқа иштирокчиларни бирлаштиради.