Рақобатбардошлик – бу мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларнинг ташқи савдо ҳамкор мамлакатлардагига нисбатан арзонлик даражаси. Рақобатбардошлик даражасига мамлакат ичидаги ва ҳамкор давлатлардаги товарнинг нарх-навоси, шунингдек, номинал айирбошлаш курси таъсир қилади.

Ўзгармас айирбошлаш курси мамлакатнинг ички, яъни маҳаллий нархларини пасайтиради ва аксинча, ҳамкор мамлакатларда товарлар нархи ўсади. Бу эса мамлакатнинг рақобатбардошлигини оширади. Номинал айирбошлаш курси – бу оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ва мамлакатлар ўртасида валюта айирбошланадиган курс.

Институт хабарига кўра, 2022 йил март ойи ҳолатига кўра, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан номинал курси тахминан 11,4 минг сўмни ташкил қилди. Агар икки ҳамкор мамлакат ўртасида нархлар даражаси ўзгаришсиз қолса, миллий валютанинг қадрсизланиши мамлакат рақобатбардошлигининг ошишига олиб келади. Масалан, маҳсулот нархи 23 минг сўм бўлса, амалдаги курс бўйича 2 доллар бўлади. Агар айирбошлаш курси 15 минг сўм бўлса, 1,5 доллар бўлади.

Амалиётда ушбу кўрсаткичларни бирлаштирувчи индекс – реал айирбошлаш курси қўлланилади. Реал айирбошлаш курси – бу номинал айирбошлаш курсининг икки ҳамкор давлатдаги инфляция даражасига мослаштирилган курс. Ушбу айирбошлаш курси ҳамкор давлат бозорида товарлар арзонлиги даражасининг реал ҳолатини кўрсатади.

Аслида, мамлакатлар бир нечта савдо ҳамкорларига эга. Миллий валюта битта ҳамкор давлат валютасига нисбатан мустаҳкамланиб, иккинчисига нисбатан қадрсизланиши мумкин.

Номинал самарали айирбошлаш курси мамлакатнинг барча савдо шериклари курсларига нисбатан валюта курси қайси даражада ўзгарганини кўрсатади. Бироқ, ҳамкор давлатлардаги нархлар ўзгариши ҳисобга олинмаганлиги сабабли, номинал самарали алмашув курсининг ўзгариши валютанинг харид қобилиятини тўлиқ белгилай олмайди.

Шунинг учун реал самарали алмашув курси ҳисоби юритилади. Ушбу курс, номинал самарали алмашув курсининг барча ҳамкор давлатлардаги инфляция даражасига мослаштирилган кўрсаткичидир. Реал самарали алмашув курсининг ўсиши, давлатнинг экспорти қимматлашиб, импорти арзонлашиб бораётганлигидан далолат беради.

2019 йил сентябр ойидан 2022 йил феврал ойигача реал самарали алмашув курси индексининг ўзгариши 14,9 фоизни ташкил этди. Ушбу вазият 2022 йилнинг январь-февраль ойларида кескин ўсиш билан (мос равишда 7,2 дан 9,6 фоизгача, ҳаттоки 14,9 фоизгача) изоҳланади. Кескин мустаҳкамланишнинг асосий омилларидан бири бу, турк лирасининг узоқ вақт давомида қадрсизланиши (2021 йил ноябрь ойида лиранинг 40 фоизгача девальвацияси), шунингдек, Россия рублининг 2022 йил феврал ойида 22 фоизгача қадрсизланишидир.

Реал самарали алмашув курсининг ойлик ўзгаришига қарайдиган бўлсак, 2020 йил март ойида 7,4 фоиз ўсди (ўсиш – сўмнинг барқарорлашуви, пасайиш эса – сўмнинг ҳамкор давлатлар валюта саватига нисбатан қадрсизланиши). 2020 йил апрел ойида савдо ҳамкорлари валютасига мослашиш (-5.4 фоиз) кузатилган. Жорий йилнинг февраль ойида сўмнинг кескин ўсиши (14.9 фоиз) билан келгусида савдо ҳамкори бўлган давлатлар валютасига нисбатан мослашиш жараёни кутилмоқда.