Ўқув курси Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, хориждаги дипломатик вакилларнинг малакасини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Қисқа муддатли ўқув курсида машғулотлар очиқ мулоқот, интерфаол тренинглар, баҳс-мунозара шаклида олиб борилди.
— Ўқув курси давомида халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги вазифалар, ёшларга оид давлат сиёсати, Ўзбекистонда кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини оширишга оид ислоҳотлар, давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини ошириш борасида “Эл-юрт умиди" жамғармаси олдида турган вазифалар ҳақида маълумот берилди, — дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Боту Алимов. — Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги Фавқулодда ва Мухтор Элчилари фаол иштирок этиб, келгусида соҳа ва тармоқларни янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифларини билдирди.
— Биз мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам бўлдик. Бугун халқимизнинг ҳаёти ўзгарган, турмуши ўзгарган, фикрлаши ўзгарган. Бу эса ўз-ўзидан бўлмаётгани ҳаммамизга маълум. Биз ўқув курси давомида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдик, — дейди Ўзбекистоннинг Туркманистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Акмалжон Кучкаров.
Шунингдек ўқувда, Ўзбекистонда кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Жумладан, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали, миллий кадрлар захираси, туман (шахар) ҳокимлари ва улар ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими, кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистонда илк маротаба қабул қилинаётган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, моҳияти, долзарблиги ҳақида маълумот берилди. Ва бу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида ривожланишнинг навбатдаги босқичини бошлаб бериши маълум қилинди.
Консруктив, очиқ руҳда ўтган ўқув давомида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик вакиллари 2022 йилга мўлжалланган Йўл хариталарида ўртага ташланган долзарб масалалар, билдирилган таклифларни инобатга олишларини маълум қилишди.