Учрашувда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юқори ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланиб бораётгани, ўз навбатида алоқаларнинг фаоллашуви мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Конструктив ва амалий руҳда кечган мулоқотда парламентлараро ҳамкорликнинг истиқболлари, хусусан ўзаро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш юзасидан фикр алмашилди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бораётган ҳозирги шароитда парламентлараро ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш муҳим эканини, парламент аъзолари давлатларимиз раҳбарлари томонидан белгиланган мақсадлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш қардош халқлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим омил экани, парламентлар маданий алмашинувларни, хусусан, фан, таълим, туризм, спорт ва бошқа соҳаларда қўшма фаолиятни қўллаб-қувватлашда фаол бўлиши лозимлигини қайд этди.

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев Марказий Осиё давлатлари форумининг минтақавий аҳамиятига тўхталиб, мазкур форматдаги майдонни ташкил этиш ташаббускори айнан Ўзбекистон бўлганлигини алоҳида таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли конструктив ҳамкорлик мазкур платформада янада янги босқичга кўтарилиши ва икки давлат ўртасида юқори даражада келишилган турли соҳалардаги алоқалар янада самарали олиб борилишига замин бўлишига ишонч билдирди.

Мулоқот чоғида шунингдек, томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада кучайтириш мақсадида парламентларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.

Учрашув якунида икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги кенг кўламли масалалар юзасидан мунтазам равишда мулоқот ва фикр алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.