Мудофаа вазирлиги маълум қилишича,  ўқувларнинг охирги кунида Термиз дала-ўқув майдонида машғулотнинг асосий босқичи ўтказилди. Унда икки давлат ҳарбийлари биргаликда шартли қуролланган тўдаларни турли шароитларда зарарсизлантириш бўйича амалий ҳаракатларни олиб борди. Тактик-ўқув машғулотларини Туркия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи армия генерали Яшар Гулер ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов бевосита кузатди.

Махсус-тактик ўқувда нафақат икки давлат армияси, шунингдек, мамлакатимиз Қуролли кучлари тузилмалари ўртасида ҳамкорликда ҳаракатланиш кўникмаларини оширишга ҳам эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, ҳамкорликдаги ўқув машғулоти ўзбек ва турк ҳарбийлари учун ўзаро тажриба алмашиш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, энг муҳими, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Махсус-тактик ўқувлар якунида унда фаол қатнашган ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчиларига эсдалик совғалари топширилди.