Жорий йилнинг 5-6 январь  кунлари  ”Ўзбеккино”  МА Жамоатчилик кенгаши  «Юқори малакали кадрларни тайёрлашда замонавий таълим тизими ва технологияларини қўллаш масалалари”  Республика илмий-услубий конференциясида иштирок этишди.  Конференция Муҳаммад  ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида бўлиб ўтди.

Унда ”Телестудия тизимлари ва иловалари”  ҳамда  ”Энергия таъминоти  тизимлари”  кафедраси ўқитувчи ва талабалари ўзларининг кино ва телевидение муаммолари оид қизиқарли ва долзарб маърузалари билан иштирок этишди.

Конференцияга  Жамоатчилик кенгаши аъзолари Ботир Бозорбоев, Алиасқар Фатхуллин, Марат Солиев, Азамат Иргашевлар таклиф этилиб, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.

Жумладан,  малакали овоз муҳандисларининг етишмаслиги, замонавий мультимедиа  технологиялари билан ишлайдиган малакали ўқитувчилар тайёрлаш, ўзбек мультфильмларининг халқаро стандартларга мос келмаслиги ва масофавий таълимнинг долзарб тизими учун видеодарслар тайёрлаш муаммолари ҳақида гаплашилди. Соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва экспертлар билан ҳамкорликда муаммоларни ҳал этиш бўйича қатор таклифлар берилди.

Конференциянинг иккинчи қисмида Жамоатчилик кенгаши аъзоси, фахрий рассом, режиссёр Алиасқар Фатхулиннинг ”Биринчи ўзбек рассом аёли” номли ҳужжатли фильми намойиш этилди. Ушбу ҳужжатли фильм йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Бундай илмий анжуманларнинг ўтказилиши мавжуд муаммоларга мутахассислар билан биргаликда  ечим топишга ёрдам беради.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ахборот хизмати