Тармоқ раҳбарларига фақат ва фақат рақамлаштириш орқали таннархни тушириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Бухородаги “Жанубий Кемачи” конини рақамлаштириш ҳисобига, йўқотиш 3 фоизга камайиб, йилига 28 миллион куб метр қўшимча газ олинаяпти.
Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” АЖга қудуқларни рақамлаштиришни тўлиқ якунлашга кўрсатма берилди.
Барча тармоқларда ҳам рақамлаштириш суръати бир хил эмаслиги қайд этилди.
Масалан, “Ўзбеккосмос” республика бўйича 2 мингдан зиёд ноқонуний қазишларни аниқлаган бўлсада, ҳокимлик ва масъул идоралар тайёр рақамли маълумот асосида амалий чора кўрмаган.
Ёки, алкоголь ишлаб чиқарувчи 59 та корхонанинг 42 тасида маҳсулот ҳажмини онлайн ўлчаш тизими ишламаяпти. Оқибатда, акциз солиғи йиғилувчанлиги талаб даражасида бўлмаяпти.
Шу каби, иссиқ сувни қозонхонадан аҳоли хонадонларига етказиб беришда аниқ ҳисоб-китоб бўлмагани учун нореал қарздорлик билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Барча тармоқлар ва улар тизимидаги компаниялар раҳбарларига келгуси йилда рақамлаштириш ҳисобига таннархни камида 10-15 фоизга камайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Хорижий консультантларни жалб қилиб, коммунал соҳада рақамли назорат тизимини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Келгуси йилда авиа, темир йўл, автобус, метронинг ҳаракатланиш йўналишлари ва графиги тўғрисида ягона тизимда онлайн ахборот олиш имконини яратиш топширилди.
Умуман, бюджетдан катта маблағ олувчи вазирликларда рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Лекин, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Экология, Бандлик вазирликлари, карантин ва ветеринария идораларида рақамлаштириш ишлари суст кетаётгани танқид қилинди.
“Рақамли соғлиқни сақлаш” лойиҳасини амалга ошириш, Онкологик беморларнинг электрон реестрини тузиш, дала ва боғларда пестицидлар cавдоси ва қўлланилиши бўйича рақамли назорат тизимини жорий қилиш, газ ва бензин қуйиш шохобчаларида, Жамоат ишлари ва Бандлик жамғармалари харажатлари бўйича онлайн назоратни йўлга қўйишдаги оқсоқликлар кўрсатиб ўтилди.
Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларида ҳужжатларга апостиль қўйиш жараёнини рақамлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Геология, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси ҳамда Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида ягона электрон ҳужжат айланиш тизими ишга тушмаган. Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган “Халқ назорати” тизимини янада такомиллаштириш кераклиги таъкидланди.
Барча вазирлик, қўмита ва ҳудуд раҳбарлари жиддий хулоса қилиб, оқсаётган лойиҳаларни якунлаши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.