Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған раислигида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама муҳокама қилиниб, хусусан, маданият ва туризм соҳасидаги мавжуд ҳамкорлик ҳолати баҳоланди ҳамда туризм йўналишида алоқаларни ривожлантириш, театр фестиваллари ва маданият ҳафталикларини ўтказиш, тарихий фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш, маданий мерос объектларини ҳамкорликда тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.
Делегациялараро учрашувлар чоғида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий, маданий ҳамда ижтимоий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги муштарак ёндашув яна бир бор тасдиқланди. Шу доирада икки давлат муносабатларида маданий дипломатиянинг муҳим ўрни алоҳида таъкидланиб, санъат, маданий мерос, анъанавий ҳунармандчилик, мусиқа, кино ва адабиёт каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни ривожлантиришнинг аҳамияти қайд этилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастури имзоланди. Ушбу дастур ўзаро маданий тадбирлар сонини ошириш, санъаткорлар ва мутахассислар алмашинуви дастурларини амалга ошириш, умумий маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш ҳамда халқаро майдонларда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Маданий ҳамкорлик дастури Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий муносабатлар учун мустаҳкам институционал асос яратиб, халқлар ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.
Туркия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўзаро ҳурмат ва муштарак қадриятларга таянган муносабатларини келгусида ҳам кўп қиррали ва изчил ёндашув асосида ривожлантиришда давом этадилар.