Мақсад мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тайёр чарм, пойабзал, мўйна ва қоракўл, атторлик буюмларининг Европа бозорига экспортини янадан кенгайтириш ва ЕИнинг салоҳиятли компаниялари билан инвест лойиҳаларни амалга оширишдир.

Халқаро кўргазма доирасида уюшма вакиллари қатор самарали музокарлар ва учрашувлар ўтказди. Хусусан, Польша пойабзал ва чарм кенгаши президенти Марек Горетски билан учрашув чоғида мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш салоҳияти, инвесторларга яратилган шароит, солиқ ва божхона тизимидаги ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган аёллар ва болалар пойабзалларини Польшага экспортни йўлга қўйиш бўйича билдирилган ташаббуслар маҳокама этиб олинди.

Шунингдек, мазкур кенгашга аъзо йирик компаниялар капитали асосида республикамизднинг 16 та ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зоналарида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ўрганилди. Польша пойабзал ва чарм кенгаши президенти ўз навбатида Ўзбекистондаги динамик иқтисодий ўсиш ва чармсаноат соҳасидаги ислоҳотлар натижасида янги бозорларда мамлакатимиз маҳсулотларига талаб ортаётганини маълум қилди.

Шу боис, кўргазмалар билан боғлиқ фаолиятда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таклифини билдирди. Шу мақсадда «Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳамда Польша пойабзал ва чарм кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, кўргазма доирасида Польша пойабзал ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси Карол Кудра билан ҳам мулоқотлар ўтказилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, экспорт-импорт масалаларида музокаралар ўтказилди. Бундан ташқари, уюшма раиси кузда Тошкентда бўлиб ўтадиган «UzCharmExpo» халқаро кўргазмасида Польша миллий стенди билан иштирок этишини маълум қилди.

«Polshoes Footwear Days» халқаро кўргазмаси доирасида Уюшма делегацияси Европанинг кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари билан музокарлар ўтказиб, манфаатли келишувларга эришди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.