Шу орқали полиз экинларига жиддий зарар етказиб, экспорт ҳажмининг камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган “Қовун пашшаси” (Carpomya pardalina Bigot) зараркунандасига ҳамда маданий ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган “Зарпечак” (Cuscuta.sp), “Судралувчи какра” (Acroptilon repens D.C) бегона ўтларига қарши оммавий курашни ташкиллаштириш ҳамда бу ҳақда кенг жамоатчилик орасида тарғибот-ташвиқот ишларни олиб бориш кўзда тутилган, дейди ўз хабарида Инспекцияси ахборот хизмати.

Маълумот учун, “Қовун пашшаси” мамлакатимиз ҳудудида илк бор 2000 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида аниқланган. Бугунги кунда ушбу зараркунанда барча вилоятларда учрайди. Тангақанотлилар оиласига мансуб мазкур ҳашарот вегетация даври бошида пайдо бўлиб, ёз давомида 90-100% қовун мевасини, 20-25% тарвуз ва айрим далаларда 5-10% қовоқни зарарлагани аниқланган.

Зарпечак бегона ўти ўсимликнинг танасига ёпишиб, ундаги ширани сўради. Ўсимликнинг нобуд бўлишига олиб келиши, ҳудудга тез тарқаш хавфи юқори. Республикамизда учрайдиган “Зарпечак” бегона ўтидан 13 тури ўсимликларга энг кўп зарар келтиради. Унинг гуллари кичик (2-7 миллиметр) оқ, пушти, яшил рангларда бўлади. Зарпечакнинг томири билан олиб ташланмаса, 8-9 йил давомида бир жойдан чиқиб кўпайиб кетади.

Шунингдек, “Судралувчи какра” бегона ўти экинларнинг ҳосилдорлиги ва сифатини, паст текисликларнинг маҳсулдорлигини пасайтиради. “Судралувчи какра” уруғи билан ифлосланган дон қайта ишланганда, у аччиқ таъмли бўлиб қолади.

Ўсимликнинг гуллаши ва мева ҳосил қилиши май, июнь ойларидан бошланиб, уруғи июль ойларида пишиб етилади. У тупроқдан сув ва ундан эриган минерал моддаларни кучли ўзлаштиради. Бундан ташқари, у ўзидан бошқа ўсимликларни ўсиши ва ривожланишини тўхтатиб (секинлаштириб) қўювчи модда ҳам ажратиб чиқаради.

“Долзарб 15 кун” тадбирлари мобайнида мазкур зарарли бегона ўтларнинг тарқалишини олдини олиш учун боғдорчилик ва деҳқончилик хўжаликларида, шахсий томорқа, корхона, ташкилот, катта йўл бўйлари ва бошқа майдонларда Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан карантин назорати олиб борилади.

Шу билан бир қаторда, хорижий давлатларга экспорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотларда зараркунандалар топилса, белгиланган тартибда зарарсизлантириш ишлари олиб борилади. Агар бегона ўтлар аниқланса, йўқ қилиш чоралари амалга оширилади.

Юқорида келтирилган зараркунанда ва бегона ўтлар асосан мевали дарахтлар ҳамда полиз экинларига жиддий зарар етказади. Уларни ўз вақтида аниқлаб, қарши курашиш чоралари кўрилиши тавсия этилади.

Шу сабабли карантин ости ўсимликларини йўл бўйлари, томорқалар, полизларда учратишингиз билан дарҳол ўз ҳудудингиздаги Ўсимликлар карантини давлат инспекторларига мурожаат қилишингиз сўралади.