Жамият, атроф-муҳит инсон олдига тегишли вазифа, мақсад қўяди, юз бераётган жараёнлардан хулоса чиқаришга ундайди. Яъни инсон ва жамият чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон СУЛТОН билан суҳбатимиз юртимиздаги ислоҳотлар ва уларнинг аҳоли тафаккури, орзу-умидлари, қарашларига таъсири ҳақида бўлди.

* * *

— Одатда муайян мамлакат ёки ҳудуд­нинг тараққиёти ҳақида сўз юритилганда иқтисодий ўсиш, саноатлаштириш ва янги технологияларни татбиқ этиш, ишлаш ва яшаш учун қулай ва хавфсиз муҳит яра­тиш, шунингдек, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, таълим каби жиҳатларга кўпроқ урғу берилади. Бу тўғри, албатта. Айни пайтда тараққиёт мамлакатдаги иш­лаб чиқариш даражаси, янги технология­ларнинг халқ хўжалиги соҳаларига қанча­лик татбиқ этилгани кабилар билангина ўлчанмайди. Аҳолининг маънавий қараш­лари, ислоҳотларга муносабати, уларда иштирок этиш даражаси орқали ҳам на­моён бўлади. Келинг, бугун юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, бугунимиз ва кела­жагимиз ҳақида фикрлашсак...

— Бу хайрли жараёнлар ҳақида ўйламай­диган одам бўлмаса керак. Ҳеч бир муболаға­сиз айтиш мумкинки, ҳар бири йилларга тенг кунларда яшаяпмиз. “Миллий тикланиш­дан — миллий юксалиш сари” ғояси остида мамлакат равнақ топиши билан бир қаторда асрий анъаналаримизга мос равишда ўта му­ҳим қадрият — инсон қадри борасида энг юксак минбарларда янграган ташаббуслар юртдошларимиз учун ҳам, бошқа ўлкалар аҳолиси учун ҳам бирдек тааллуқли. Оддий қилиб айтсак, янги даврда Ўзбекистоннинг ҳар бир ташаббуси инсонларни яхшилик ва эзгуликка чорлаб турибди. Бу ҳар бир ўзбек қалбида фахр ва ғурур уйғотиши шубҳасиз. Инсон қадрининг юксалиши ўз-ўзидан мил­лий ўзликнинг юксалишини ифода этади.

— Ватанимиздаги изчил ислоҳотларни номма-ном санаш мушкул. Уларни кў­риб, ҳис этиб турибмиз. Айни пайтда шу ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ислоҳотлар жараёнида инсонлар онги ва тафаккури ҳам ўзгариб боряпти деб бема­лол айтиш мумкин. Аҳолининг кечаги ва бугунги орзу-умидлари ўртасидаги ўзга­ришларни қандай изоҳлай оласиз?

— Ислоҳотлар мамлакат юксалсин, аҳоли фаровонлиги ошсин, халқ ўз юртини янада севиб, кўз қорачиғидай ардоқласин деган улуғ ният билан бўляпти. Ривожланган дав­латларда халқ бунёд этган турмуш тарзига шоҳид бўлган юртдошларимиз бу ҳақида ке­чагина ҳайратланиб сўзларди. Бугун шундай фаровонлик юртимизда вужудга келмоқда. Яқин-яқингача ватандошларимизнинг имко­нияти тор, орзу-ҳаваси турмуши каби оддий эди: “Иморат қуриб тўйлар қилсам, ўғил- қизларимни жойласам, Худо берса, мундай­роқ бирон автомашина олсам, бир ўзбекка шу етади”, дер эдик. Бугун орзулар ўзгарди: кўпчилик оилаларда бир эмас, бир нечтадан автоулов бор ва улар энди ҳашам учун эмас, оилага хизмат қилиш учун ғизиллаб юриб­ди. “Фарзандимни уйли-жойли қилиб олсам, вазифамни ўтаган бўламан, қолганини Худо берар” деган гаплар ҳам ўтмишда қолди. Бугун ота-оналар “Нажот билимдадир” де­ган ҳикматнинг маъносини яхши англайди, миллионлаб ёшлар турли соҳа бўйича билим олишга интилмоқда.

Қайси бирини айтайлик? Таълимдан ишлаб чиқаришгача, халқаро сиёсатдан тиббиётгача, ижтимоий ҳимоядан давлат хизматларигача, транспорт ва логистикадан тадбиркорликка­ча — барча соҳаларда туб ўзгаришлар содир бўлди ва давом этяпти! Элга хизмат қилаётган юзлаб корхоналар, тадбиркорлик шохобча­лари кеча бармоқ билан санарли эмасмиди? Замонавий улкан комплекслар қад кўтарар экан, аҳоли ҳам ғайрат билан тадбиркорликка киришиб кетганини айтинг. Янги жараёнлар юртдошларимизда интилиш ҳиссини уйғотиб юборди, яъни ҳаётга муносабат ўзгарди. Ял- ял ёниб турган пешлавҳалар, дўконларнинг шаклу шамойили, ундаги хизматчиларнинг муомаласи, инсонларни қизиқтирадиган маҳ­сулотларнинг бари янгилик. Ранглар танлови ҳам бошқача — авваллари оддий туслар тан­ланган бўлса, ҳозир чорловчи, даъват этувчи, киши эътиборини тортувчи ранглар устун. Авваллари одамлар оддий усулда камтарона уйлар қурарди, камдан-кам кишиларгина икки қаватли иморат тикларди. Энди оддий киши­лар ҳам икки-уч қаватли, кенг ва шинам уй­лар қурадиган бўлди. Иншоотларнинг шаклу шамойили ҳам янгиланиб, қулай ечимлар урф бўлди. Олдинлари шаҳарнинг баланд уйлари тўққиз қаватли бўларди, бутун шаҳар бўйлаб бир нечтагина ўн олти қаватли иморат бор эди. Бугун қирқ-эллик қаватли бинолар қад кўтар­ган.

Кўпчиликнинг бойлик тушунчаси ва му­носабати ҳам ўзгармоқда. Илгари ишлаб топилган маблағлар оддий ҳашамлар учун сарфланган бўлса, бугун элга хизмат туфай­ли обрў-эътибор қозониш, катта мақсадларга йўналиш биринчи ўринга чиқяпти. Кишилар тадбиркорликнинг янги турларига дадил ки­риб бормоқда. Бошқача айтганда, ислоҳотлар уларнинг ишбилармонлик қобилиятини рўёб­га чиқарди. Янги механизмлар ишга тушди. Аввалига оддий хизмат шохобчалари, дўкон­чалар очилган бўлса, рақобат кучайгани сайин ишлаб чиқаришнинг янги ва хусусий турла­рига рағбат ортди. Замонавий тадбиркорлик замонавий билимларни талаб қила бошлади. Ёшларнинг билим олишга, тажриба ортти­ришга интилиши кучайган деб бежиз айтиб ўтмадик. Чунки рақобат ортгани сайин янги билимларга эҳтиёж пайдо бўлди. Бу жараён аллақачон бошланиб улгурди, тадбиркорлари­миз анъанавий олди-сотди ёки оддий баққол­лик иш бермаслигини аллақачон англаб етган.

Шиддат билан электрон бозор ривож­ланди, ажабланарли жойи ҳам шунда: яқин- яқингача сотувчи ва харидор бир жойда учрашадиган ва нақд пул муомаласига асос­ланган биттагина бозор бор эди, ҳозир ўнлаб янги бозорлар пайдо бўлди. Юрт юксалиши учун улкан янгиликлар муттасил давом эт­моқда: миллиард долларлик эмас, миллиард мижозлик халқаро бозорларга дадил кириб борилди. Давлатимиз раҳбарининг АҚШ­га ташрифи “ўзбек халқининг ақл машъа­ли” ёритган уммон орти мамлакатини жалб қилиб, энг замонавий соҳаларда тарихий шартномаларга эришилди. Шартномалар ҳажмига қарасак, икки томонлама манфаат­ларга асосланган бу муносабатларда юрти­мизга энг сўнгги технологиялар билан бирга илғор билим ва малака кириб келишини кўр­сатиб турибди.

Содда қилиб айтсак, ишлаб чиқариш янгиликлари ўзимизники бўлади, инфрату­зилма ва хизмат соҳаси ривожланади, ун­ча-мунча мамлакат эга чиқолмайдиган ноёб мутахассислар етишиб чиқади. Хомашёдан бир неча ўн карра қиммат турадиган тайёр ва ярим тайёр маҳсулот экспорти кенгаяди. Шу­нингдек, моддий маҳсулотлардан ташқари, ақлий-интеллектуал маҳсуллар сотиладиган чек-чегарасиз бозорларга ҳам кириб борил­ди. Тан олиш керак, атиги бир неча йил аввал бу воқеликлар хаёлда ҳам йўқ эди.

Мамлакатда кишилар орзу-истакла­рини мамлакат тараққиётига йўналти­ришдай улкан жараён рўй бериб улгурди. Мисол учун: ота-она фарзандининг илғор билимларни эгаллашини истайди, давлат эса у фарзандни етакчи таълим даргоҳлари­га юборади.

— Олий ўқув юртларида яхши мутахас­сисларни тайёрлаш учун тегишли дарс­ликлар, замонавий жиҳозланган, етарли шарт-шароитга эга таълим иншоотлари зарур. Шиддат билан ўзгараётган меҳнат бозори талабларига мос келадиган долзарб ўқув дастурлари ҳам, албатта. Аммо кат­та тажрибага эга мутахассислар биринчи галда ҳам чуқур назарий билим, ҳам ама­лий тажрибага эга, айни пайтда ўз мала­касини тўхтовсиз ошириб борадиган куч­ли педагогик жамоа бўлиш кераклигини алоҳида таъкидлаб келади.

— Бундан юз йил аввал Германияга ўқиш­га юборилган ёшлар ҳақидаги асар ва ҳуж­жатли фильм ёдингизда бўлса керак. Бугун ҳар йили юзлаб шундай ёшлар жаҳоннинг энг нуфузли билим даргоҳларида билим ол­моқда. Қолаверса, дунёдаги энг кўзга кўрин­ган олимлар, ҳатто Нобель мукофоти лауреат­лари ҳам юртимиз университетларида ёшла­римизга маъруза ўқимоқда. Қаранг: ота-она истаги рўёб топди, шу билан бирга, мамлакат замонавий мутахассисларга эга бўлди. Булар­нинг барчаси келажак пойдеворини яратиш йўлидаги ҳаётбахш жараёнлар. Бирма-бир санашнинг имкони йўқ, аммо ҳар жабҳада юксалиш рўй берди. Бизлар хурсанд бўлиб эътироф этаётган бу ишлар ҳали бошланиши демоқда ташаббус эгалари.

Яқинда ижтимоий тармоқларда етти тилни биладиган, ўз она тилидан ташқари инглизча, русча, туркча, испанча, французча, хитойча сўзлаша оладиган ўн беш яшар ўсмир ҳақида хабарлар тарқалди. Кўрсангиз ҳавас қиласиз: чин ўзбекча одоб, камтарлик, софлик билан жилмайиб турибди. “Бир тилни билган — бир киши, етти тилни билган — етти киши” деган матал эсга келади. Фарзандларимиз қобилия­тининг рўёбга чиқиши кўплаб ташаббуслар­нинг ҳосиласи, албатта. Чунончи, биргина ўша ўсмир мамлакатда таълимга бўлган эъ­тиборнинг натижаларини, туризм ва тадбир­корлик имкониятларининг фавқулодда кен­гайганини намоён қилмоқда. Янгиланишлар кишилар турмушини қандай ўзгартираётгани­га мисол бу. Авваллари бундай ёшлар салкам ноёб қобилият эгаси деб эътироф қилинарди, бугун дунё тиллари билан бирга илғор замо­навий фанларни эгаллаётган, турли фанлар, дастурлаш, сунъий зако, илғор технологиялар тилини биладиган юзлаб-минглаб ёшларимиз етишиб чиқди.

Энди янги Ўзбекистонда вақт тез ва шид­датли, бир оз бепарво бўлган киши орқада қолиб кетади. Бугун ислоҳотларга, ўзгариш­ларга очиқ бўлишдан ташқари, бир қадам илғор бўлиш ҳақида сўз бормоқда. Бу жуда катта кўламни қамраб олади: ҳаёт тарзимиз ўзгарар экан, бир-биримизга, давлатимиз­га, қонунларимизга, иш ва хизмат соҳасига, таълимга, ишлаб чиқаришга, хуллас, барча- барчасига муносабатимиз ҳам янги поғона­га юксалиши зарур. Кундалик ҳаётда бу — одамлар бир-бирини иззатлаши, тўғрилик, ҳалоллик, собитлик, ўзаро ишонч тараққий топиши тарзида намоён бўлади. Ҳеч ким ўз манфаатини юрти ва ватандоши манфаатидан устун қўймасин, халқини, мамлакатни севиб ардоқласин — ана шундай бир жону бир тан бўлганимизда юксак чўққиларни биргалашиб забт этамиз.

Шунча кишининг тушунчаларини кела­жакка мослаш учун одамга ловиллаб ёниб турган юрак, фидойилик керак, ўзини элга фидо қилиши керак. Миллий юксалишнинг негизи юксак ахлоқ ва одоб, инсоний фази­латларда эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Юртимиз қўшни мамлакатлар, олис ва яқин давлатлар билан чин ўзбекча анъаналарга мос ва хос, бошқаларни ҳурматлаган ва ўзининг иззатини билган тарзда муносабатлар қурди. Балки эндиликда айнан шу сиёсат туфайли жаҳонда “давлатлараро юксак ахлоқ” де­ган тушунча урф бўлар? Бу гўзал диёрда кўп қиррали манфаатларни кўзда тутган халқаро анжуманлар бўлиб ўтмаган кун йўқлигига барчамиз гувоҳмиз. Улар, аввало, эл-юрт ман­фаатларини кўзда тутган ҳолда ҳудуд, мин­тақа ва дунё тараққиётига поғона бўлмоқда. Кечагина овози ҳудудидан нарига чиқмаган юрт чорловлари бугун энг юксак минбарлар­дан янграмоқда. Ёшларни етук фазилатлар борасида бирлаштириш, минтақа ва ҳудудлар тараққиётининг янги босқичлари, илм-фан, маданият борасидаги ҳамкорликлар, қисқа­си, дунё тараққиётига алоқадор ўнлаб хайрли ечимлар ўртага ташланмоқда.

— Аҳли дониш яқин ва узоқ келажак аслида бугунги кунлардан, бугун амалга ошираётган хатти-ҳаракатлардан бошла­нади деб таъкидлайди. Кишиларимиз биз сўз юритаётган ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси, гувоҳи. Шу маънода, улар­нинг эртамиз ҳақидаги тасаввурларига ҳам тўхталсак.

— Бугунги кунда келажакка некбин қара­шимиз жудаям зарур. Чунки халқ бир, ватан бир. Шундай бир замонда яшаяпмизки, тенги йўқ диёримизни, ҳар бир кишимизни иззатла­шимиз ва ардоқлашимиз шарт.

Янгиланишлар кишиларнинг давлатга му­носабатини ҳам ўзгартирганини қувонч билан эътироф этиш лозим. Ўтмишда халқ ва давлат ўртасида жарлик бор эди. Давлат халқ хизма­тида бўлсин деган тамойил доирасида қилин­ган ишлар бу борада ҳақиқий бурилиш бўлди, буни каттаю кичик эътироф этади.

Юртимиз дунёда тобора улкан аҳамият касб этмоқда. Кўплаб соҳаларда Ўзбекистон илғорликка эришмоқда. Сиёсатда, хайрли ташаббусларда, ишлаб чиқаришда, тижорат ва тадбиркорликда устунмиз. Янги карвон йўллари бунёд этилмоқда, янги бозорлар очилмоқда. Тез орада юртимиз жуда катта маблағ, билим, технология оқимларининг марказидан ўрин олиши аниқ бўлиб қолди. Ўзбекистон Шарқ билан Ғарбни боғловчи ўта муҳим кўприкка айланади, буни бугун “хаб” деб айтиш урф бўлган. “Хаб” — ҳамма им­кониятлар, шароитлар, маълумотларни ўзида жамлаган марказ бўлса, бутун бошли мамла­катнинг хабга айланиши мисли кўрилмаган имкониятдир. Шу сабабли қонунларимиз, ту­шунча ва тартибларимиз, инфратузилмалар, логистика ва транспорт, хизмат соҳалари, борингки, жамиятимиз юртимиздан ўтади­ган шу катта оқимга тайёрланиб бориляпти. Ўзингиз айтинг, миллиардлаб маблағ ва тех­нология ўтадиган бу оқимдан халқ манфаати йўлида фойдаланиш учун одамларимиз қана­қа бўлиши керак?

Дунё тобора рақамлашмоқда, янги Ўзбе­кистон учун илғор билимли муҳандислар, дастурчилар, қонуншунослар, иқтисодчи­лар, қишлоқ хўжалиги усталари керак. Бу замонавий завод-фабрикалар қуришдан кўра минг марта мураккаб иш. Чунки шундай мутахассислар қатлами ҳосил бўлса, ундай завод-фабрикаларни халқнинг ўзи қуради. Олий ва касбий таълимга эътибор берил­ганининг сабаби шунда. Таълимдаги “сак­раш”нинг моҳияти ҳам келажакка йўналган, мамлакатни ривожланган давлатлар қаторида кўришдай улуғ ва ҳаётбахш ниятнинг пилла­поялари деб биламиз.

Бир мисол: Президентимизнинг “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлиги­ни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатдаги мактабгача ва мак­таб таълимини олий таълим даргоҳларига узвий боғлаши билан бирга, халқона қилиб айтганда, “иккита қўли бор одамга учинчи қўлни” тақдим қилади. Яъни таълимнинг та­комиллаштирилиши, дуал таълимнинг жорий қилиниши ёшларимизнинг замонавий касб- ҳунарга эга бўлишини ва пировардида мала­кали мутахассис керак деб бонг ураётган иш берувчига “етиб боришини” таъминлайди. Бир неча йиллик жараёнга назар ташласак, фанда катта янгиланишлар рўй берганини, илмий даражага эга бўлган юртдошларимиз сони бир неча карра ортганини, тадқиқотлар кўлами кенгайганини, олий таълимда янги йўналишлар барпо этилганини ва хусусий соҳа шиддат билан ривожланганини, бу бо­рада қабул қилинган қарорлар мамлакатнинг энг ишонган кучи бўлмиш ёшларни мактаб­дан олий таълимга ва халқ хўжалигига олиб ўтувчи кўприк бўлиб хизмат қилишини ту­шуниб оламиз. Барча хайрли жиҳатларидан ташқари, бу ташаббусда мамлакат ёшларини келажакка тайёрлаш мақсади бор.

— Фан-техника, технологияда пайдо бўлган янгиликлар одатда ҳайрат, қисман ҳадик, сўнг кучли баҳс-мунозара, торти­шувлар билан қабул қилинади. Шу маъ­нода, кўплаб мамлакатлар нафақат тарғиб қилаётган, шу билан бирга, кенг фойдала­наётган сунъий интеллект борасида нима­лар дея оласиз?

— Ҳақиқатан, яқин келажакда турму­шимиз илғор технологиялар туфайли катта ўзгаришга учраши аён. Улуғларимиз “Ҳеч бир инсон қобилиятсиз яралмайди” деган гапни кўп айтарди. Аҳолининг билим ва маълумотга бўлган эҳтиёжини сунъий зако қондиради, виртуал воқелик эса реал ва виртуал олам ўртасидаги чегарани тобора озайтириб боради. Булар технологик қулай­ликлар бўлса, масофавий иш фаолияти кенг урф бўлади. Бугунги офислар тубдан ўз­гаради, бинолар бошқа мақсадларга йўна­лади. Кўплаб соҳаларда инсонлар ўрнини “ақлли” технологиялар эгаллайди. Қизиқ- да: бир пайтлар инсонларнинг жисмоний меҳнатини техник қурилмалар бажара бош­лаган, шу билан жисмоний меҳнат кам ҳақ тўланадиган юмушга айланган эди. Дунё бир айланиб, эндиликда бир қатор ақлий юмушларни ҳам электрон қурилмалар ба­жарадиган бўлди. Вазиятга тушкун қарай­диган киши: “Ахир қўлимиздаги ишимизни олиб қўйяпти-ку” деб хавотир олади. Нек­бин қарайдиган киши эса моҳиятни дарҳол тушуниб етади: бу жараён ҳазрати инсон­нинг ҳар қачонгидан ҳам кўра юксакроқ, сунъий ва “ақлли” технологияларнинг “қў­лидан келмайдиган” салоҳияти — янгилик яратиш қобилиятининг рўёбга чиқиши ҳа­қида бормоқда. Яъни билим олинг, тушунча уфқларини кенгайтиринг: яратувчанлик, за­монавий ибора билан айтганда, креативлик қобилиятингиз рўёбга чиқиши зарур. Бу эса ҳазилакам қобилият эмас ва унга урфдаги­дан кўра юзлаб баравар кўп ҳақ тўланади. Бошқача айтганда, тараққиётнинг ўзи ин­сон қадрининг юксалишини ва шарафлани­шини тақозо қиляпти. Юртимизда эса айни шу жиҳатга юксак эътибор қаратилгани бе­жиз эмас.

— Одамлар фаровон яшашига хизмат қиладиган жамики янгиликлар, техник ихтиролар тараққиёт белгилари сифа­тида баҳоланади. Лекин инсон учун энг катта ва ўта муҳим омил, энг катта бой­лиги хотиржамлиги эмасми? Бунда би­ринчи галда ўлмас қадрият бўлган тинч­лик, бирдамлик, маънавият ва маърифат­ни назарда тутяпман.

— Давлатимизнинг очиқлик сиёсати ту­файли ҳаётимизга кириб келган қулайликлар кўп, аммо буларнинг барчаси турмушнинг ахлоқ билан, яъни ўзлигимиз билан боғлиқ масалаларни қатъият ила илғорга олиб чи­қишни тақозо қилади. Маънавият бошқа со­ҳалардан ўн қадам олдинда юриши, янги куч­га, янги ҳаракатга айланиши кераклигининг аҳамияти шунда намоён бўлади.

Юксак маънавият — юксак инсонийлик дегани. Бир неча ўн йил илгарини кўра олиш учун жуда катта салоҳият ва билим зарур. Улуғ мақсадлар дейилганида кўзланган юк­сак марраларга элтувчи қудрат, энг аввало, маънавият эканлиги қайта-қайта таъкидлан­моқда.

Бугун кишиларимиз аввалгидай эмас, эмин-эркин. Имкониятларини рўёбга чиқара олиши учун кўплаб шароитлар яратиб берил­ган. Шу билан бирга, жаҳондаги ўзгаришлар­дан хабардор, янги билим ва технологияларни диққат билан кузатиб боришмоқда. Модоми­ки, ниятлар эзгу, мақсадлар улуғ экан, юрт юксалиши йўлида ҳар қачонгидан ҳам кўра жипслашишимиз, бирлашишимиз жудаям шарт бўлиб турибди. Дуогўй ота-онамиз, қав­му қариндошимиз, бир тану бир жон бўлган яқинларимиз, жигарларимиз, бутун халқимиз биргалашиб, юксалиш жараёнларимизни қўл­лаб-қувватлашимиз зарур.

Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг ушбу мисралари бугун учун ҳам долзарб бў­либ жарангламоқда:

Тухм ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқми?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!

Мамлакатимизда барқ ураётган янги давр айнан ғайрат-шижоат, ҳиммат ва мурувват­ни, янгиликчи ва яратувчан бўлишни тақозо этаётгани аён.

Бунча ишларнинг жуда муҳим жиҳати бор бу — барака! Юртимизни бежиз баракотли дейишмайди. Айни шу янгиланишлар ҳам, ниятларнинг амалга ошиши ҳам, борингки, халқимизнинг ўзи ҳам шу бараканинг намоён бўлиши, десак янглишмаймиз.

Булар — юракдаги гаплар-да. Дунё мут­тасил ўзгармоқда. Жаҳоннинг турли бур­чакларида зиддиятлар олови сусайгани йўқ. Тавба, ҳазрат Одам Ато ўғилларидан қолган зўравонлик ва кибр урушлари давом этиб келмоқда. Бизнинг юртимиз, халқимиз эса ҳар доимо тинчлик-тотувлик тарафдори, шу талатўп маконда эзгу анъаналарига содиқ ҳолда юксалиш йўлини тутган. Ўзбекис­тон Президенти раислигида Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Президентлари иштироки­да ўтган Маслаҳат учрашувини барчамиз фахр ва ғурур билан кузатдик. Бу мисли кўрилмаган ташаббус нафақат юртимиз­ни, балки минтақани янги тараққиёт йў­лига бошлашини кафолатлайди. Барча бу янгиланишларнинг ташаббускори она юртимиз, ватанимиз эканлиги барчамизга ғурур бағишлайди. Ҳар куни ўзгараётган дунёда бу жуда қатъий ва муҳим ташаббус. Ўйлаб кўрсангиз, қанча ҳикмат бор.

Давримиз янгиланишлари юртимиз туп­роқларида яшаб ўтган барча аждодлари­мизга савоби тегадиган, бугун яшаётган ва келажакда дунёга келадиган авлодларнинг ҳақли эътирофига сазовор бўладиган гўзал, фаровон, тараққий этган ватан барпо этиш­дай улуғ давр бўлиб тарихга муҳрланишига шубҳа йўқ.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Рустам БОЙТЎРА суҳбатлашди.