Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли институционал ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида ҳам давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини бошқариш тамойиллари ва тизимини такомиллаштириш борасида чора-тадбирлар амалга ошириб келиняпти. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилиб, вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари, обиҳаётдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати такомиллаштирилди.
Қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида соҳада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, объектларни модернизация қилиш, уларга замонавий ахборот-коммуникация тизимларини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Кейинги беш йилда 290,3 минг гектарда томчилатиб, 13,5 минг гектарда ёмғирлатиб, 10,6 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари ва 299,3 минг гектарда эгилувчан қувурлар, 91,9 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш лойиҳалари жорий қилинди. Шу билан бирга, 185,8 минг гектар майдон лазер ускунали текислагичлар билан текисланди.
Соҳада замонавий-ахборот коммуникация технологияларида кенг фойдаланиш йўлга қўйилиб, сув хўжалиги объектларида 4 966 та замонавий рақамли технологиялар, жумладан, 2 908 та “Ақлли сув”, 1 727 та мелиоратив кузатув қудуқларида ер ости сизот сувлари кўрсаткичларини ва 306 та насос станцияларида обиҳаёт миқдорини онлайн мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди ва 25 та йирик иншоот автоматлаштирилди.
Натижада сув ресурсларини бошқариш, сувнинг ҳисобини онлайн юритиш имконияти яратилиб, маълумотларни жамлаш, қайта ишлаш ва мониторинг қилишни таъминловчи 5 та модулдан иборат “Вазиятлар маркази” ахборот тизими ишга туширилди.
2021 йилнинг ўзида сув ресурсларини самарали бошқариш, рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирлари ҳисобига 7,5 миллиард куб метр обиҳаёт тежалишига эришилди.
Мамлакатимиз Президенти томонидан имзоланган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуун шу йил декабрь ойининг дастлабки кунида матбуотда расман эълон қилинди. Мазкур қонунга асосий ўзгартириш ва қўшимчалар охирги маротаба 2009 йилда киритилган бўлиб, унда суғоришда сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий секторга бериш каби жиҳатлар акс эттирилмаган эди.
Мисол учун 2020–2021 йилларда тизимдаги 67 та насос станция, 43 та қудуқ, 214,1 километр ирригация ва 512,7 километр коллектор тармоқлари бошқарувини хусусий шерикка бериш юзасидан умумий қиймати 1 триллион 162,3 миллиард сўм бўлган 96 та давлат-хусусий шериклик битими имзоланган.
Ушбу лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки муддатда 123,3 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилиши ҳисобига объектлар модернизация қилинади ва 141 миллиард сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилади.
Янги таҳрирдаги қонунда сув объектлари ёки уларнинг қисмлари давлат-хусусий шериклиги тамойиллари ҳамда бошқа шартларда фойдаланишга берилиши мумкинлиги ўз ифодасини топган. Лекин бу тамоил хавфсизликни таъминлаш муҳимлиги ҳисобга олиниб, сув ва сел омборлари ҳамда стратегик давлат сув хўжалиги объектларига жорий этилмайди, яъни улар хусусийлаштирилмайди.
Энг асосий қўшимчалардан бири сув истеъмолчилари уюшмаларининг фаолиятини молиялаштириш манбаси аниқ кўрсатилди. Хусусан, улар фаолияти ўз аъзоларининг ҳар йиллик аъзолик бадали, шартнома асосида сувни етказиш ва бошқа хизматлар учун тўловлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди. Шунингдек, сувдан фойдаланиш қоидалари бузилган, ундан мақсадсиз фойдаланилган ёки лимитдан ортиқча обиҳаёт олинган, аъзолик бадаллари, сув етказиб берганлик ва бошқа хизматлар учун тўловлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонуннинг ҳамда шартнома шартларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилгунига қадар сув истеъмолчилари уюшмаларининг сув етказиб беришни тўхтатишга ҳақли эканликлари белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари қаторига рақамли технологияларни жорий қилиш шартлиги киритилди. Яна бир қўшимчага асосан, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилганлиги учун Давлат бюджетидан субсидия олганлар ушбу лойиҳалардан камида беш йил самарали фойдаланишлари, шўри ювиладиган ерлар лазер ускуналар ёрдамида ҳар уч йилда камида бир марта текисланиши шарт.
Бинобарин, Янги Ўзбекистон стратегияси лойиҳаси доирасида 2022–2026 йилларда республика бўйича 1,5 миллион гектар майдонда тежамкор технологияларни жорий қилиниши ва суғориладиган ерларнинг 34,8 фоизи қамраб олиниши кўзда тутилган. Қонундан жой олган янги ўзгаришлар сув истеъмолчиларига Давлат бюджетидан ажратилган субсидияларнинг ҳамда жорий қилинган технологияларнинг самарадорлигини оширишни таъминлашга камарбаста бўлади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кучайтирилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги ваколатларига сув хўжалигини ривожлантириш, уни оқилона бошқариш ва самарали, фойдаланиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ва соҳага доир бошқа дастурларни тасдиқлаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқлаш каби масалалари қўшилди.
Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш ва сувдан оқилона фойдаланиш, сув истеъмолчилари уюшмаларининг сувдан фойдаланишни тартибга солиш бўйича ваколатлари кенгайишини таъминлайди. Шу билан бирга, кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилиши, соҳада объектлардан фойдаланишда давлат-хусусий шерикчилик тамойилларини жорий қилиш ва давлат бюджети харажатларини камайтиришга, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан ишончли таъминланишига хизмат қилади.
Қонун 2022 йил 1 мартдан кучга киради. Уни амалга киритишда бюджетдан қўшимча маблағлар талаб этилмайди.
Зокир ЭШПЎЛАТОВ,
Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи