Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида илк маротаба ўтказилган миллий сувенирлар фестивалида иштирок этар эканмиз, маданий меросимиз илдизлари жуда чуқур ва бой бир уммон экани, халқимиз ўз қўли билан яратган юксак ижодкорлик намуналари эса, нечоғли нафис ва ўзига хос гўзаллиги билан ажралиб туришига яна бир бор амин бўлдик.
— Миллий сувенирлар фестивали давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган режа асосида юртимизнинг барча ҳудудларида биринчи марта ўтказилмоқда, — дейди Маданий мерос агентлиги директори маслаҳатчиси Моҳинур Имомова. — Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, халқимиз ва хорижлик сайёҳлар ўртасида юртимизнинг маданий-тарихий меросини кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Фестивалда миллий сувенирлар савдосини йўлга қўйиш орқали эса, мамлакатимиз музейлари ва маданий мерос объектларига ташриф буюрувчилар тўғридан-тўғри ушбу жойларнинг тарғиботчисига ҳам айланиши кўзда тутилган.
Дарҳақиқат, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар иштирокида бўлиб ўтган тадбирларда халқ амалий санъати намуналари, кулоллик, каштачилик, пичоқ, дўппи ва бошқа миллий ашёлар кўргазмалари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Фестиваль доирасида ҳунармандлар ишлари кўргазма-савдоси, сувенирлар кўрик-танлови, маҳорат дарслари ўтказилиб, фольклор-этнографик гуруҳлар ва бадиий жамоаларнинг концерт дастурлари намойиш этилди.

— 10 ёшимда ўйинчоқлар ясашни бошлаганман. Ғиждувон анъанавий кулоллигининг муҳим йўналишларидан бири бўлмиш майда пластика йўналишида ижод қиламан, — дейди Дилноза Нарзуллаева. — Нарзуллаевлар сулоласининг 5-авлоди бўлмиш бобом уста Ибодулло ва 6-авлоди отам Абдулло Нарзуллаевнинг муносиб давомчиси бўлишни ўз бурчим деб ҳисоблайман. Кулоллик билан бир қаторда, каштачилик билан ҳам шуғулланаман. Табиий бўёқлар устаси онам Гулбаҳор ва аммам Мавлуда Нарзуллаеваларни устозларим деб биламан. Синглим Маҳфузабонудан гилам тўқишни ҳам ўрганиб боряпман. Кулоллик, каштачилик ва гиламдўзликни янада пухта эгаллаб, фарзандларим қаторида шогирдларга ҳам ўргатиб, уни давом эттиришга ўз ҳиссамни қўшсам, дейман.
Биз ҳайратда қолдик...
— Ангрен шаҳри тарихи музейида миллий сувенирлар фестивали ўзига хос ўтказилди, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Ангрен шаҳар бўлими раҳбари Абдулла Сулаймонов. — Тадбирда вилоятда ижод қилаётган ҳунарманд ёшлар, уста кулоллар, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, шунингдек, каштачиликда таниқли бўлган сулолалар вакиллари, рассомлар ўз ижод намуналари билан иштирок этди. Фестивалда қатнашган хорижлик меҳмонлар ҳайратларини яшира олмадилар.
— Миллий ҳунармандлик намуналари ва, айниқса, матога қўлда тўқилган ижод намуналарини кўриб, тўғриси, ҳайратда қолдик, — дейди франциялик сайёҳ Николя Гояр. — Яқинларимизга эсдалик совға сифатида улардан харид қилдик. Бундай фестивалларнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилиши халқингизнинг ҳамжиҳатлиги ва меҳнатсеварлигидан далолат беради.
Чиндан ҳам фестиваль доирасида намойиш этилган кулоллик асарлари, майда пластик ҳайкалтарошлик буюмлари хорижий меҳмонлар учун совға бўлибгина қолмай, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, маданиятимиз тарғиботи учун ҳам муҳимдир.
* * *
Бухоро шаҳрининг Нодир девонбеги мадрасаси ҳудудида бўлиб ўтган фестиваль карнай-сурнай садолари остида бошланиб, санъаткорлар томонидан чиройли куй-қўшиқлар ижро этилди, шундан сўнг театрлаштирилган саҳна кўриниши билан давом этди. Сўзана ва адрас усталари ўзларининг юздан ортиқ ижод намуналарини тақдим қилдилар.
Фестиваль якунида иштирокчилар эсдалик совғалар, диплом ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
Гуличеҳра Дурдиева,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.