Тергов давомида аниқланишича, 1986 йилда туғилган Шакиров Хайрулла Убайдуллаевич алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан Instagram, Telegram ҳамда YouTube ижтимоий тармоқларидаги “Xayrullo Shokirov” номли саҳифалар орқали ўзини йирик дистрибютор ва тадбиркор сифатида кўрсатиб келган.

У чет элдан катта миқдорда анор шарбати ва салқин ичимликлар олиб кириб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги савдо нуқталарига етказиб бериш ваколатига эга эканлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган. Шу йўл билан фуқароларга дистрибюторлик фаолияти орқали юқори даромад ва катта фоизлар ваъда қилиб, уларнинг ишончига кирган ҳамда жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.

Мазкур жиноят иши доирасида Х.Шакиров гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб этилган бўлиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Бу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ёки мазкур ҳолатлар бўйича бирор маълумотга эга бўлганлар, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига мурожаат қилиши сўралди.

"Сизнинг мурожаатингиз жиноятни тўлиқ фош этиш ва адолатни таъминлашга хизмат қилади", дейилади хабарда.