Телеграм мессенжерида ўзини "риэлтор" деб таништирган шахс Юнусободлик Ш.Ж.га ижарага уй борлигини айтади. Уйни бошқа мижозга топшириб юбормаслик учун олдиндан 3.024.000 сўм миқдордаги пулларни банк картасига ўтказиб бериши лозимлигини талаб қилган.
Бунга ишонган Ш.Ж. айтилган картага рақамларига келишилган пулни ўтказиб беради. Сохта риэлтор эса пулларни олгач, сўнг телеграм аккаунтини ўчириб юборади.
Вазиятни тушунган Ш.Ж. ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни сўрайди.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Наманган вилояти Наманган туманида яшовчи 2001 й.т., М.А. ва унинг таниши Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1994 й.т., Х.А. содир этгани аниқланди.
М.А. ва Х.А.лар биргаликда бундан ташқари яна бир нечта фуқароларни "ижарага хонадонлар бор" деб алдаб фирибгарлик йўли билан пулларини ўзлаштиргани маълум бўлди.
М.А. ва Х.А.лар нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.