Давра суҳбатида таъкидланганидек, бутун дунёда, хусусан, мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилиги ортиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра 2019 йилда дунё бўйича ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 1,64 миллиард тоннаси (жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи) чиқиндига айланган. Бу ўринда йўқотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг фақатгина 25 фоизи бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилиши мумкинлигини қайд этиш зарур.

Ўзбекистонда эса ҳар йили 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига айланмоқда. Жумладан, биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тоннага, йилига 730  тоннага яқин нон маҳсулоти чиқиндига ташланади.

Таҳлилларга кўра мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигига хайрия қилинган маҳсулотлар учун солиқ юкининг юқорилиги, фудшеринг платформаларининг мавжуд эмаслиги, озиқ-овқат банклари фаолиятининг йўлга қўйилмаганлиги каби муаммолар сабаб бўлмоқда.

Тадбирда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини камайтириш борасида Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Чехия, Япония, Россия, Қозоғистон каби давлатларда қўлланилаётган чоралар, хусусан, хайрия фаолияти учун солиқ имтиёзларини жорий этиш, фудшеринг платформалари ва озиқ-овқат банклари фаолиятини ривожлантириш, яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш кабиларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш масаласи муҳокама қилиниб, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи оператори “Anglesey Food” МЧЖ асосчиси Зафар Хошимов озиқ-овқат исрофгарчилигини камайтириш борасида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, солиқ маъмурчилиги ҳамда маҳсулотларни яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш, хайрия фаолиятини ривожлантириш учун зарур электрон платформаларни яратиш каби йўналишларда қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларни маъқуллаб, ушбу масала озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги ва нархларнинг кескин ошиши кузатилаётган бугунги кунда долзарб эканлигини таъкидлаб ўтди.        

Тадбир якунида озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини олдини олиш тизимини стратегик такомиллаштириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда аҳолини бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга келишиб олинди.