Таъкидланганидек, бу борада вилоятда охирги уч йилда бир қатор ижобий натижаларга эришилган.
Вилоят аҳолиси эҳтиёжларини ички ресурслар орқали тўлиқ ва сифатли таъминлашга эришиш мақсадида ўтган йиллар давомида озиқ-овқат дастури доирасида ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2017-2020 йиллар давомида 3,1 триллион сўмлик жами 978 та лойиҳа амалга оширилди.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида 1,8 триллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Жорий йилда вилоятда 23,9 минг гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экилди. Бунинг 6,3 минг гектари такрорий экин майдонлари эканлиги аҳамиятлидир.
Наманган вилояти Ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қайд этишича, бугунги кунда вилоятда аҳоли сони 2 миллион 834 минг нафарни ташкил этади. Аҳолининг меёр бўйича истеъмоли учун келгуси 6 ой давомида 39,7 минг тонна гўшт, 21,0 минг тонна товуқ гўшти, 10,1 минг тонна балиқ, 74,6 минг тонна картошка, 13,9 минг тонна гуруч, 128,6 минг тонна ун, 15,6 минг тонна шакар, 12,9 минг тонна ўсимлик ёғ, 283,5 миллион дона тухум, 9,5 минг тонна пиёз ва 27,8 минг тонна сабзи маҳсулотлари захирасини жамғариш талаб этилади.
Вилоятда бу йилги қиш-баҳор мавсумида ички бозорни асосий турдаги маҳсулотлар билан кафолатли таъминлаш, нарх-наволарни барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларини ғамлаш, сақлаш ва истеъмолга йўналтириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида «Вилоят озиқ-овқат захира» жамғармаси ташкил этилиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан дастлаб 10 миллиард сўм ўтказиб берилади.
Жамғарманинг асосий вазифаси, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатда гўшт, шакар, ўсимлик ёғи ва гуруч маҳсулотларини маҳаллий ва импорт қилувчи корхоналар орқали харид қилиш, жамғариш ва истеъмолга йўналтиришда режа асосида бир меъёрда етказиб бериш чоралари кўриб борилади.
Хусусан, жамғарма маблағлари ҳисобидан вилоятда гўшт маҳсулотларини нархини барқарор сақлаш мақсадида 500 бош қорамол харид қилинади.
Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳсулотлар нархларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари учун етиштирилган маҳсулотларини воситачисиз тўғридан-тўғри сотиш имкониятини яратиш мақсадида вилоятдаги 14 та марказий деҳқон бозорларида «Элга хизмат расталари» ташкил этилади.
Шу билан бирга, бюджет ташкилотларида ишлайдиган фуқароларнинг қиш-баҳор ойлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари захираси яратиш мақсадида ойликларига қўшимча равишда пул маблағи ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан ўз хонадонларида арзон ва сифатли озиқ-овқат захирасини яратишларида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, ҳар бир маҳаллада озиқ-овқат савдо дўконлари ва кичик экобозорларни ташкил этиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди ҳамда тез фурсатларда қурилиш ишларига киришилади.