Мазкур йўналишдаги ишларни кенг тарғиб қилиш, ёшларини ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, тизимда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 10 сентябридан 10 октябригача бўлган вақт оралиғида Вазирлик таълим муассасаларининг курсант (тингловчи) ва ўқувчилари ўртасида “Ўзлигимиз тимсоли – Она тилим” мавзусидаги онлайн иншолар танлови ўтказилди. Танловда минг нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчи ва курсантлар иштирок этиб, уларнинг ижодий ишлари Вазирлик Бирлашган таҳририяти нашрлари ҳамда iiv.uz ва postda.uz сайтлари орқали доимий равишда ёритиб борилди.

Асосан, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг курсант ва тингловчилари, ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда ҳудудлардаги академик лицейлар ўқувчиларидан  танловга юборилган иншолар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар томонидан баҳоланиб, ғолиблар аниқланди.  

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида Вазирликнинг “Маърифат ва ахборот-ресурс маркази”да “Ўзлигимиз тимсоли – Она тилим” иншолар танлови ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев очди ва бугун мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини янада ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси ҳақида гапириб, бу каби ижодий танловлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш,
она-тилимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Танлов ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, фахрли 3-ўринга Ихтисослаштирилган мактаб интернатининг 9-синф ўқувчиси Ш.Хамидуллаев ва Академиянинг 3-босқич курсанти М.Ўсарбоевлар муносиб деб топилди. Қорақалпоқ академик лицейининг 3-босқич ўқувчиси С.Жуманиёзова ва Академиянинг 2-босқич курсанти Я.Жўраевлар танловда 2-ўринни эгалладилар. Ғолиблик эса, Қашқадарё академик лицейининг 3-босқич ўқувчиси М.Худойназарова ва Академиянинг 3-босқич курсанти Р.Абдуллаевларга насиб этди. Бундан ташқари бир гуруҳ иштирокчилар иншоларидаги ижодий ва таҳлилий фикрлари, саводхонлиги ва чиройли ҳуснихат соҳиби сифатида рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирландилар.

Танловнинг ғолиб ва совриндорларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев, Ички ишлар вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, подполковник Х.Рўзиев ва Вазирлик Кадрлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник У.Нуруллаевлар томонидан диплом, пул мукофоти ва китоблар тўпламлари тантанали тарзда топширилди.

Тадбирда сўз олганлар ватанни асраган каби она тилимизни ҳам ҳимоя қилиш, уни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муқаддас бурч эканлигига эътибор қаратдилар. Ўзлигимиз тимсоли бўлган тилимизнинг бой имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида бу каби ижодий танловлар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Иншолар танловига юборилган энг сара ижодий ишларни алоҳида тўплам ҳолида чоп этишга келишиб олинди.

Ўзбек тили байрамига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар таркибий ва ҳудудий ички ишлар органларида давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати