Бу оддийгина ўзгариш эмас, балки мус­тақиллигимизнинг биринчи ойлариданоқ ўз тақдиримизни, мустақилликни асраб қолиш, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мулкини турли тажовузлардан асраш, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, шахс, жамият, давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги энг қатъий ва стратегик қадам эди.

Шу тариқа ички ишлар вазирлиги тизимида катта ўзгаришлар бошланди. Унинг ички тузилиши, фаолиятининг шакл ва усуллари қайтадан кўриб чиқилди. Мус­тақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мавжуд иқтисодий ва ижтимоий қийинчиликлар, минтақадаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, юртимизда парокандалик ва бошбошдоқликка йўл қўйилмади. Жиноятчилик ва криминал тўдаларга қарши аёвсиз кураш олиб борилиб, қисқа муддатда осойишталик қарор топди. 1991-1997 йилларда 6000 га яқин катта ва кичик уюшган жиноий гуруҳга барҳам берилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Бугун Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири сифатида эътироф этилаётган бўлса, бунинг замирида мус­таҳкам тамал тоши ҳамда ўз жонини гаровга қўйиб хизмат қилган минглаб ички ишлар ходимларининг фидокорона меҳнати ҳам ётибди.

Раҳбарий ғоя асосидаги хизмат

Бундан ўн йил муқаддам мамлакатимизда жиддий ижобий ўзгаришлар юз бера бош­лади. Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев сиёсий тизимни ислоҳ қилишда ўзининг бой ҳаётий тажрибасини ишга солиб, янги тараққиёт йўлларини бирин-­кетин ҳаётга татбиқ этди. Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида тизимли қарорлар қабул қилинди. Бу зарурат эди. Сабаби давр эскича яшаш ва ишлашни кўтара олмасди.

2017 йил 9 февраль куни Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ички ишлар органлари фаолияти, тизимдаги муаммо ва камчиликлар — шахсий таркиб ўртасидаги бепарволик, маънавий қашшоқлик, расмиятчилик, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик иллати тизим обрўсига путур етказаётгани, “шараф” деган номни тиклаш зарурлиги қайд этилди. Истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, инсон манфаатлари билан боғлиқ масалаларни кечиктирмай ҳал қилиш, эскича фикрлашдан воз кечиш, хизматни эски “қолиплар” асосида эмас, ўз профессионал бурчини элга хизмат тамойилига асосланиб бажариш кераклиги қатъий таъкидланди. Видеоселектор йиғилишида ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, халқ давлатдан рози бўлсин деган талаб қўйилди.

Бугун ушбу раҳбарий қоидани ҳар бир ходим кундалик фаолиятининг бош шиорига айлантирган ҳолда шаъни, қасамёди ва профессионал бурчига содиқ бўлиб ишламоқда.

Бутун тизим ходимлари обрўси, нуфузи, мавқеини тиклаш йўлидан борди. Тизим ходимларига халқ, давлат томонидан ишониб юклатилган ваколат, яъни маъмурий ресурс нақадар муҳим экани чуқур анг­латилди. “Шараф” деган ­номнинг ­қадри мана 10 йилдирки, изчил мус­таҳкамланмоқда.

Эл-юртга қанот, қалқон бўлиш дунё­даги энг буюк ишдир. Шу ўринда халқ осойишталигини таъминлаш тизимида янги давр ва мутлақо янгича дунёқарашни бошлаб берган муҳим концепциянинг мазмун-моҳиятига тўхталишни зарур деб билдик. Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа ходимлари зиммасига нафақат ҳуқуқий, балки улкан маънавий масъулият ҳам юклади. Бу ҳужжатда илгари сурилган энг асосий ғоя — аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим томонидан халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз бурчи деб биладиган профессионал тузилмани шакллантириш эди.

Дастлаб ички ишлар органларини анъанавий назорат қилувчи органдан “халқчил ва хизмат кўрсатувчи” тузилмага айлантиришнинг тарихий зарурат экани тушунтирилди.

Хўш, бу ғоянинг ҳаётий зарурати нимада эди? Нега биз эски тизим қолипларидан воз кечиб, бутунлай янгича тизим яратишга мажбур бўлдик?

Келинг, очиқ гаплашайлик. Узоқ йиллар ҳуқуқ-тартибот органлари деганда кўпчиликнинг кўз олдига фақат жазоловчи, назорат қилувчи ва фуқародан ўзини узоқ тутадиган идора келарди. Халқ давлат идорасига ёрдам сўраб боришга чўчирди. Бироқ адолат устувор бўлган жамиятда давлат органи халқдан устун эмас, балки халқнинг хизматкори бўлиши керак. Президентимиз айтганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Мана шу ҳаётий ҳақиқат тизимнинг тубдан ислоҳ этилишига, унинг жазоловчи орган эмас, балки ижтимоий йўналтирилган, чин маънода кўмакчи тузилмага айланишига асос бўлди.

Бу ғоянинг аҳамияти шундаки, у ходимнинг дунёқараши, юртдошларимизга муносабатини ўзгартирди. Бугун тизим ходимлари профессионаллик фақат қонунларни яхши билиш ёки жисмоний тайёргарликдан иборат эмаслигини анг­лаган ҳолда ҳақиқий профессионаллик асосида фаолият юритмоқда. Шу тариқа фуқаронинг дардини ўзиникидек ҳис қила оладиган, умид ва ёрдам истаб турган онахоннинг, кўчада адолат излаётган оддий инсоннинг муаммосини ўз вақтида ва сифатли ҳал этиб бераётган халқчил тизим шаклланди. Бу, ўз навбатида, жамиятимизга хотиржамлик, одамларга давлат ва адолатга ишончни қайтарди.

Бугун ички ишлар органларининг ҳар бир ходими қабул қилаётган қарор шахсий манфаатлар, ҳис-туйғулар ва ички кайфиятдан холидир. Улар шу руҳда тарбияланмоқда ва жипслашмоқда.

Ҳар бир ходимнинг эгнидаги хизмат кийими шунчаки либос эмас, балки давлатимизнинг рамзи, қонун устуворлигининг кафолати ва энг муҳими, халқнинг тизим ходимларига мустаҳкам ишончидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир ходим ушбу либосни кияр экан, халқ манфаатларига хизмат қилиш тамойилини шунчаки баландпарвоз сўз эмас, балки ўз виждонининг садоси, кундалик ҳаётининг бош мезони сифатида қабул қилмоқда. Тизим ходимлари аниқ амалий ёрдам, самимият, адолат ва ҳалол хизматни фаолиятининг асосий мезонига айлантирди.

Амир Темур бобомизнинг “313 асл зотли шижоатли, жасур эр йигитларни бирлаштирдим. Бирлик иттифоқда шундай эдики, барилари бир тандек эди. Барчаларининг мақсади, раъйи, сўзлари ва иши бир эди” деган сўзлари трансформация қилинаётган бугунги ички ишлар тизими ва унинг тасарруфидаги таълим муассасалари жамоаси учун муҳим дастуруламалдир. Шу асосда сўнг­ги йилларда ички ишлар органлари сафи энг илғор тафаккур эгалари, ватанпарвар, адолат ва масъулият, профессионал бурчи ва қасамёдига садоқатли ёшлар билан тўлдирилмоқда. Пировардида шахсий жавобгарлик билан иш кўрадиган, халқ меҳри ва ишончини қозона оладиган, “шараф” деган номни улуғлаб, шахсий таркибни, куч ва воситаларни оқилона бошқара оладиган профессионаллар жамоаси, халқчил тизим шакллантирилмоқда.

Ўзбекистонда ҳар бир инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси тинч-осойишта яшашга ҳақли. Бу ҳуқуқларнинг таъминланишида ички ишлар органлари муҳим ўрин тутади. Инсон турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиниши керак.

Ички ишлар органларининг жамиятдаги обрўси фақат замонавий техника ёки чиройли либос эмас, балки халқнинг соҳавий хизматларга ишончи билан ўлчанади. Ишонч эса адолат ва ҳалоллик устига қурилади.

Агар тизимда биргина ходим адолатсизлик ёки ноҳалолликка йўл қўйса, бу бутун соҳанинг, минглаб фидойи ходимларнинг шаънига доғ бўлиб тушади. Шу сабабли ҳам ҳалоллик фақат фазилат эмас, балки ҳар бир ходим учун профессионал бурчдир.

Инсон қадри — бошқарув марказида

Қаерда қонун устувор бўлса, ўша жойда тараққиёт бўлади, инсон қадр топади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим, бу — ички ишлар соҳаси”. Ушбу масъулиятли вазифаларни самарали бажариш, ички ишлар органларини халқ меҳри ва ишончини қозонган, халқчил тузилмага айлантириш мақсадида сўнгги йилларда тизимда кенг қамровли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Янги ички ишлар органларида бошқарув стратегияси марказига инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари қўйилди.

Давлатимиз раҳбари Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратини янада оптималлаштириш ва унинг тузилмалари фаолиятини такомиллаштиришга эътибор қаратди ҳамда муҳим ислоҳотларни амалга оширди. Бунинг сабаблари бор, албатта.

Биринчидан, давр ўзгарди, хавф-хатарлар ва таҳдидлар шакли ҳам трансформация бўлмоқда. Эскича иш услуби, қуруқ рақамлар ортидан қувиш ва фақат жазоловчи органга айланиб қолиш тизими замон талабларига мутлақо жавоб бермай қолганди. Жамиятга жиноят содир этилгандан кейин уни фош этувчи эмас, балки жиноятнинг олдини барвақт олувчи, маҳалла ичига кириб борувчи тизим керак эди. Оптималлаштириш орқали куч ва воситаларни маҳаллабай, фуқароларга энг яқин бўлган қуйи бўғинларга йўналтиришнинг асл зарурати мана шунда эди.

Иккинчидан, вазифа ва функцияларнинг аниқ тақсимланмагани ходимларнинг ортиқча юклама билан ишлашига ва асосий эътиборнинг сочилиб кетишига сабаб бўлаётган эди. Юқорида номи қайд этилган фармон билан ташкилий-штат тузилмаси мақбуллаштирилди. Ички ишлар органларининг ҳар бир бўлинмаси, терговдан тортиб, миграция ва жамоат тартибини сақлашгача бўлган соҳаларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди. Бу эса кучлардан оқилона фойдаланиш ва хизмат унумдорлигини кескин ошириш имконини берди. Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати янада оптималлаштирилиб, унинг тузилмалари негизида бир нечта департамент ташкил этилгани тизимнинг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятни йўлга қўйиш имконини бермоқда.

2025-2026 йилларда ички ишлар фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида вазирлик таркибида қатор ташкилий-таркибий ўзгаришлар юз берди. Президентимизнинг 2025 йил 4 мартдаги тегишли фармонига асосан Қўриқлаш департаменти Ички ишлар вазирлиги таркибига ўтказилиб, ушбу соҳавий хизмат олдига аниқ ва муҳим вазифалар қўйилди.

Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Персоналлаштириш агентлиги Ички ишлар вазирлиги тизимига ўтказилиб, Мигрaция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ИИВ ҳузуридаги Мигрaция ва персоналлаштириш департаменти этиб қайта ташкил қилинди.

Вазирлик таркибидаги ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси ҳамда Ҳуқуқий статистика бош маркази негизида Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти ташкил этилди. Шу ўринда вазирлик тизимидаги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти рақамли маконда қонун устуворлигини таъминловчи, фуқароларнинг виртуал хавфсизлиги ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи энг муҳим махсус тузилма эканини қайд этиш лозим.

Бугун қайси соҳада бўлмасин, фаолият самарадорлиги кўп жиҳатдан ахборот технологияларидан қай даражада фойдаланишга боғлиқ. Айни мақсадда барча ҳудудда “Хавфсиз шаҳар” тизимининг сунъий интеллект асосида бошқарилувчи “Қалқон” дастурий платформаси самарали фаолият юритмоқда. Бугун кибержиноятчилик замонавий хавф-хатарлардан бирига айланиб улгурди. Шу сабабли 2025/2026 ўқув йилидан ИИВ академиясида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ёрдамида содир этилган жиноятларга қарши курашиш фаолияти йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Янги Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири жамият ҳаётининг барча соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратишдир. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясида давлат бошқаруви ва қарорлар қабул қилиш тизимида аёллар улушини босқичма-босқич ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бунинг узвий давоми сифатида Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам туб бурилишлар кузатилмоқда. Хусусан, аёл ходимларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ва уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш амалиёти янги босқичга кўтарилди.

Узоқ йиллар ички ишлар органлари асосан эркаклар фаолият юритадиган соҳа сифатида кўрилган бўлса, бугунга келиб бу қараш ўзгармоқда. Вазирлик тизимидаги тайинловларда асосий мезон сифатида жинс эмас, балки номзоднинг касбий фазилатлари, билим даражаси, маънавий савияси ва ташкилотчилик қобилияти асос қилиб олинмоқда.

Қарорлар қабул қилиш тизими марказдан қуйи бўғин — маҳаллага йўналтирилди. “Маҳалла еттилиги” тизимида ички ишлар органи ходими — профилактика инспекторининг масъулияти оширилди. Бир сўз билан айтганда, бугун ички ишлар органи ходими қўрқув уйғотувчи куч эмас, балки жамиятнинг ишончли ҳимоячиси ва кўмакчисига айланди.

Халқчил ва натижага йўналтирилган тизим — давр талаби

Бугун янгиланаётган Ўзбекистонда раҳбарларнинг халққа хизмат қилиши шунчаки шиор эмас, балки давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Айнан шу мақсадда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси магистратурасида халқчил ва натижага йўналтирилган бошқарув тизими учун универсал раҳбарлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Хўш, бунинг зарурати ва аҳамияти нимада?

Бундан 10 йил олдин тор доира (фақат тергов, тезкор қидирув ёки жамоат хавфсизлиги йўналиши)даги бошқарув модели бугунги тезкор давр талабларига жавоб бермай қолди. Замонавий ички ишлар органи раҳбари кенг дунёқарашга эга, универсал бўлиши шарт. У ҳудуддаги криминоген вазиятни нафақат жиноят содир бўлгандан кейин, балки унгача бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни таҳлил қилиш орқали жиловлай олиш қобилиятига, яъни билим, тажриба ва малакага эга бўлиши керак.

Магистратурада жорий этилган янги тизим раҳбар ходимни фақат буйруқ берувчи шахс эмас, балки жараёнларни прог­ноз қилувчи, тизимли муаммоларга ечим топувчи стратегик бошқарувчига айлантиришни мақсад қилган. Магистратурани ўтган 5 йиғин давомида 500 га яқин турли тоифадаги раҳбар ходим тамомлади. Улар магистр даражасидаги универсал раҳбарлар мақомида ИИО фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини ишончли сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида турли раҳбар лавозимларида самарали фаолият юритмоқда.

Академиямизнинг магистратура битирувчилари ва тизимдаги раҳбар кадрлар олдига қўйилаётган янги талабларнинг мазмун-моҳияти — анъанавий сокин иш юритишдан воз кечиш, рақамли технологияларни кундалик назоратга татбиқ этиш ва стратегик таҳлил асосида жиноятчиликнинг олдини барвақт олишдир.

Замонавий раҳбар қиёфаси — юқори профессионаллик, инновацион фикрлаш, маънавий етуклик ва халқ билан яқин мулоқот уйғунлиги. Магистратура битирувчиси нафақат бошқарувчи, балки соҳадаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этувчи асосий кучдир. Бугун магистратура олдига янгича фикрлайдиган, қонунни қатъий ҳимоя қиладиган, мулоқот маданияти, профессионализм, адолат, ҳалоллик ҳамда холисликда ўрнак бўладиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, замонавий раҳбар қиёфасини шакллантириш вазифаси қўйилган.

Бугун битирувчиларимиз фақат кундалик топшириқ бажарувчи эмас, балки ўз ҳудудидаги криминоген вазиятни 1-2 йил олдиндан прогноз қила олувчи ­раҳбар ­бўлиши талаб этилмоқда. Замонавий ­раҳбарларга тезкор вазиятларда юқори турувчи органларнинг буйруғини кутмай, маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, тезкор ва мустақил қарор қабул қилиш тизими жорий қилинмоқда. Ҳар бир битирувчи раҳбар статистика ва рақамли хариталар (Big Data) ёрдамида жиноятлар занжирини узиш механизмини ўз хизматида қўллаши шартлиги борасида зарур билимлар берилмоқда.

Илгари раҳбар фаолияти самарадорлиги қуруқ рақам ва фоизлар, айтайлик, нечта жиноят очилгани, нечта баённома тузилгани кабилар билан белгиланган бўлса, бугунги бошқарув тизими халқнинг розилиги ва тинчлиги билан баҳоланади.

Магистратура тингловчиларига фақат соҳавий фанлар эмас, балки замонавий компетенциялар: стратегик менежмент, психология, креатив фикрлаш, инқирозли вазиятларни бошқариш, рақамли технологиялар ва юмшоқ компетенциялар (мулоқот маданияти, киришимлилик, ҳис-ҳаяжонларни бошқариш) чуқур ўргатилмоқда. Зеро, халқчил раҳбар маҳаллага, одамлар орасига кира оладиган, оддий одамларнинг дардини тинглаб, муаммосини жойида ҳал қиладиган етакчи бўлиши зарур.

Билим ва тафаккур, қонунийлик, касб маданияти ва темир интизом — касбий эҳтиёж

Бугун ички ишлар органлари ходимлари касбий муваффақиятнинг асосий сири билим, ҳалол хизмат ва адолатда эканини чуқур идрок этмоқда. Улар мутахассис сифатида ўз соҳасидаги янгиликларни кузатади. Ходимлар янги ғоя ва лойиҳалар устида ишлаш учун реал билим зарурлигини ҳаётий эҳтиёжга айлантирмоқда. Чунки тизимда шаффоф KPI (самарадорлик кўрсаткичлари) жорий этилди. Лавозимга тайинлашда фақат билим, кўникма, малака ва натижалар асос қилиб олинмоқда. Билими ва ҳалол хизмати билан муваффақиятга эришган шахслар тажрибаси ўрнак қилиб кўрсатилмоқда. Ходимнинг профессионал лаё­қати, мулоқот маданияти, кўникмалари ва хизмат кўрсаткичлари биринчи ўринга чиқмоқда.

Ички ишлар органлари ходимларини Ватанга меҳр-муҳаббатли, садоқатли ва фидойи қилиб тарбиялаш долзарб вазифадир. Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси”нинг қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга воқеадир.

Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш асосини адолат ва ҳалоллик ташкил этади. Бинобарин, ижтимоий-сиёсий луғатимизга киритилган “Ҳалоллик вакцинаси” дунё миқёсидаги ривожланиш эҳтиёжидир.

Бугун ходимларга ҳалоллик ва адолат идеали тизим иммунитетини кучайтириши, ўзини ўзи тозалаш, назорат қилиш ва бошқаришни таъминлаши тушунтирилмоқда. Шу боис, тизимдаги ходимларни баҳолаш, уларга навбатдаги унвон бериш, лавозимдан бошқа лавозимга ўтказиш, айниқса, юқори лавозимга қўйишда ходим имижи (нуфузи)ни ўрганиш зарурий талаб этиб белгиланди. Тизимда комплаенс хизмати ва ходимларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Соҳавий хизматлар раҳбарлари ўз шахсий таркиби орасида ҳалолликни таъминлаши, таъмагирлик ва суиис­теъмолчилик ҳолатларига биринчи бўлиб тўсиқ қўйиши талаб этилмоқда. Буларнинг барчаси тизим ходимларида коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратишга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органларига кўрсатаётган юксак эътиборини ҳар бир ходим ўз ҳаёти ва хизматида чуқур ҳис этмоқда. Энг муҳими, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлиги кундан кунга ошиб боряпти. Асосийси, халқимизнинг ҳар бир ички ишлар органи ходими тимсолида ўз ҳимоячисини кўришига эришилаётгани фаолиятимизнинг асосий ютуғидир.

Шариф ҚОБИЛОВ,

ИИВ академияси профессори,

истеъфодаги полковник