“Минг эшитгандан бир кўрган афзал” деган нақл ҳаммамизга яхши таниш. Чиндан ҳам, ҳар бир нарсани ўз кўзинг билан кўрганингга нима етсин. Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги байрами арафасида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда қарийб икки йил давомида тайёрланган плакатлар тўплами юқоридаги сўзимизнинг тасдиғидир. Ушбу плакатлар сўнгги йилларда Ватанимизда юз берган улкан эврилиш ва ўзгаришларни бамисоли кўзгу сингари ўзида акс эттиради. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш – Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имкониятдир” деган сўзлари бутун мажмуага эпиграф бўлибгина қолмай, айни пайтда барча плакатлар мазмун-моҳиятини янада бойитадиган, суратларга ўзгача маъно бағишлайдиган ҳикматга айланган.
Тўпламдан жой олган 12 та плакатнинг ҳар бирини “Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфаси”ни кўз-кўз этувчи алоҳида асарга менгзаш мумкин. Бинобарин, мавзулар танланишини инобатга оладиган бўлсак, уларда Ватанимиз равнақининг ўн иккита устуни ўзини намоён этиб турибди. Масалан, иккинчи плакат мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг амалий натижаларини намоён этгани ҳолда, эл-юрт учун садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон толиқмаслик, чарчамасликка даъват этади.
Улуғ шоиримиз Абдулҳамид Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшар!” деган сўзларига ушбу дориломон замонда чинакамига жон ато этилди. Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган Янги Ўзбекистон мажмуаси деймизми, ёки том маънода “Халқ юраги”га айланган Адиблар хиёбонини эслаймизми, айниқса, ҳудудларда устоз шоир-ёзувчиларимиз номига атаб бунёд этилган ижод мактабларида ўқиётган тийрак ўғил-қизларимизни кўз ўнгимизга келтирамизми, барчасида “Биз Янги Ўзбекистонни етук маънавиятли жамият, эркин ва бахтли инсонлар яшайдиган юртга айлантирамиз”, деган умуммиллий ғоянинг ифодасини кўрамиз.
“Ёшлар – Учинчи Ренессанс бунёдкори”, “Спорт – баркамол авлод, ёрқин келажак асоси”, деб номланган 4- ва 5-плакатлар мисолида ҳам ёш авлод ва Янги Ўзбекистон тушунчаси узвийлиги ва муштараклиги намоён бўлади. Ҳақиқатан ҳам, келажакда юксак маърифатли жамият барпо этишни мақсад қилган эканмиз, бунга борадиган йўл, албатта, ёшлар сиёсати, таълим-тарбия ва спортга эътибор орқали ўтиши муқаррардир. Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда эканлиги, барча эзгу мақсадларга шулар орқали эришилиши кундек равшан.
Олтинчи ва еттинчи плакатлар жамият тараққиётининг асосий таянчи бўлган инновация ва иқтисодиётга, қишлоқ хўжалиги тармоқларига бағишланган. Аграр, саноат, ишлаб чиқариш соҳалари аслида шунчаки маҳсулот ишлаб чиқарувчи жабҳа эмас, аксинча, пировард-натижа сифатида элимиз дастурхонини ноз-неъматларга тўлдирувчи, халқимиз фаровонлигини таъминловчи соҳалардир. Жадал иқтисодий ўсиш натижасида яратилган моддий қийматлар нафақат бугунги кун, балки фарзандларимиз келажагига сармоя ҳисобланади.
“Янги Ўзбекистонни соғлом миллат барпо этади”, деган гапда чуқур мазмун мужассам. Соғлиқни сақлаш тизимида юксак самарадорликка эришган илғор мамлакатлар қаторидан жой олиш стратегик вазифаларимиздан бирига айлангани сир эмас. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат тиббиёт соҳасидаги янгиланишлар, энг замонавий ускуналар билан таъминланган шифохоналар очиш, олис қишлоқ ва овулларда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиладиган тармоқларни шакллантириш билан чекланмаяпти. Бунда, айниқса, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спорт билан оммавий равишда шуғулланиш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида урғу берилаётгани соғлом миллат ва жамиятни яратишдек эзгу ниятга тезроқ етишда муҳим омил бўлади.
Маҳалла миллий анъана ва қадриятларимизни асровчи ўзига хос қўрғон бўлиб, бу институт минг йиллар давомида шаклланиб, ривожланиб келгани билан биз учун бебаҳо қадрият ҳисобланади. Маҳаллани Ватан ичра ватан, миллий аъмоллар бешиги десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бугун мамлакатимизда маҳалла тизимининг фуқаролик жамияти институти сифатидаги ролини кучайтиришга катта эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шунда. Биргина мисол, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ҳудудлардаги ободликка хизмат қилиш билан кифояланмай, балки маҳалладошлар, қишлоқдошлар аҳил-иноқлиги янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлмоқда. Маҳалла бундан кейин ҳам тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғони бўлиб қолаверади.
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати туфайли юртимизнинг халқаро миқёсда обрў-эътибори кун сайин ошиб бормоқда. Минтақада вазият тубдан илиқлашганини фақат ўзбек халқигина эмас, балки қўшни давлатлар аҳолиси ҳам ўз ҳаётларида чуқур ҳис қилди. Кўплаб эксперт ва таҳлилчилар бунда Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси муҳим роль ўйнаганини эътироф қилмоқда. Умумпланетар миқёсда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида, минтақавий даражада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби халқаро тузилмалар фаолияти мисолида, кўпгина мамлакатлар билан эса икки томонлама манфаатли алоқалар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мақсадимиз – ҳамкорлик, тинчлик ва тараққиётдир.
Ўн биринчи плакат мавзуси “Ватан ҳимояси – шарафли ва муқаддас бурч” деб номланади. Дарҳақиқат, мустақил мамлакатни кўз қорачиғидек ҳимоялаш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг шарафли бурчидир. Жаҳондаги вазият кундан-кун жиддийлашиб, турли минтақаларда уруш олови ёниб турган бир пайтда Ватан ва халқ хавфсизлиги, тинчлиги ҳамда осойишталигини сақлаш устувор вазифалигича қолади. Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар юртдошларимизга эмин-эркинлик, хотиржамлик ва эртанги кунга ишонч бермоқда, десак адашмаймиз.
Не бахтки, жаҳонга кўз-кўз қиладиган маданиятимиз, тарихимиз ва бетакрор табиатимиз бор. Бундай имкониятлар ҳамма давлатларда ҳам мавжуд эмаслигини айтмасак ҳам бўлади. Шу маънода, туризмга янги Ўзбекистон иқтисодиётининг драйвери сифатида қаралмоқда. Албатта, соҳанинг моддий қиймат яратишдаги салоҳияти ниҳоятда муҳим ва салмоқли. Туризмни ривожлантириш, чет эллик сайёҳларни юртимизга кўпроқ жалб этиш бир жиҳатдан бизнес бўлса, иккинчи томондан, жаҳон аҳлини миллий қадриятларимиз, шонли тарихимиз ҳамда бой маданиятимиз билан таништириш ҳисобланади. Яъни маънавий маъно касб этади.
“Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфаси” акс этган 12 та плакатдан иборат муҳташам мажмуа мазмун-моҳияти, табиийки, маънавият деб аталмиш улуғ тушунча атрофида муажассамлашади. Ватанимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳам маърифатли жамият барпо этишдир.
Абдумажид АЗИМ,
шоир