Ўзбекистон миллий университетида Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети билан биргаликда “Молиявий таваккалчиликларни бошқариш ва суғурталаш”, “Ижтимоий соҳанинг бизнеси ва молия” бакалавр дастурларининг яратилиши — олий таълимда Ўзбекистон–Россия Федерацияси ҳамкорлиги тобора ривожланаётганига оид яна бир далолатдир.

Суғурта бозори учун мутахассисларни тайёрлаш сифати жуда муҳим. Бу  суғурта таълим тизими нафақат иқтисодий таълим тизимининг муҳим сегменти, балки суғурта бозорининг асосий таркибий қисми сифатида  унинг муваффақиятли ишлашини таъминлайди.

Икки нуфузли олий ўқув юрти ўртасида “Қўшма таълим дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги шартнома онлайн тарзда тантанали имзоланди. Шартномани ҳар икки университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректорлари (Р.Ширинова ва А.С.Линниковлар) имзолади.

Шунингдек, маросимда Россия ҳукумати ҳузуридаги Молия университети ходимлари ва Ўзбекистон Миллий университети вакиллари иштирок этишди.

 Ихтисослашган фанлар бўйича дарсларни Москва ва Тошкентдаги профессор-ўқитувчилар ўтади. Жорий йил талабаликка қабул қилинганлар учун пандемия туфайли маърузалар ва амалий машғулотлар онлайн олиб борилади. Режа асосида ўзбекистонлик 3- ва 4-босқич талабалари Россия ҳукумати ҳузуридаги Молия университетида ўқишни давом эттиради.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Россия ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг суғурта ва ижтимоий иқтисодиёт кафедраси илмий мактаби XX асрнинг бошларида шаклланган ва айни пайтда жадал ривожланмоқда. Суғурта илмий мактаби Молия университети билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Москва молия институти, молия академияси, молия университетлари билан доимий ҳамкорликда фаолият юритади.

 Бу таълим даргоҳининг битирувчилари бугунги кунда МДҲдаги суғурта компанияларининг аксарият қисмида фаолият юритишиши унинг нуфузи юқори эканлигини кўрсатади.

 Молия университети вакиллари — Ю.Бугаев, Л.Орланюк-Малицкая, А.Циганов Россиянинг суғурта тўғрисидаги бугунги кун Қонунларини ишлаб чиқишда фаол қатнашадилар, автомобиль эгаларининг жавобгарлигини мажбурий суғурталашни (OSAGO) ишлаб чиқиш ва жорий этишда қатнашганлар. Бундан ташқари, мазкур университет олимлари бугунги кунда Россия суғурта бозорида суғурта назорати ва ўзини-ўзи бошқаришни илгари суришмоқда. Бакалавриат босқичи талабаларининг “Молиявий таҳликаларни бошқариш ва суғурта қилиш” ва “Ижтимоий соҳа бизнеси ва молия” йўналишида олинадиган билимлар, келажакда Ўзбекистоннинг суғурта бозори ва ижтимоий соҳаси ривожланишига хизмат қилади.

 Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири