Ҳали фаолиятини бошлаганига унча кўп бўлмаган “Таэквандо ва спорт фаолияти” факультетида бугунги кунда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келаётган талай ёшлар таҳсил олишади. Улар орасида 9 нафар Жаҳон чемпиони, 10 нафар Осиё чемпионлари ва 100 дан ортиқ Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда нуфузли халқаро спорт мусобақаларининг ғолиб, совриндорлари бор.
Нуриддин Давлатов ва Фарход Умурзоқовлар 2021 йил 24-28 март кунлари Манчестер (Англия) шаҳрида Пара Пауэрлифтинг спорт тури бўйича Жаҳон кубогида 1 ўринни эгаллади. Рио да ўтказилган Паралимпия ўйинлари иштирокчиси Азизбек Абдулхабибов эса 2021 йилда Токио (Япония) шаҳрида бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Бундан ташқари талаба-ёшлар орасида 2 нафар Зулфия давлат мукофоти соҳибалари, 1 нафар “Йил талабаси 2020” Республика танловида “Йилнинг энг фаол спортчи талабаси” номинацияси кўрик танлови ғолиби, 1 нафар “Инновацион ғоялар етакчиси” кўрик танловининг ғолиблигини қўлга киритган талабалар таҳсил олмоқда. 7 нафар талаба эса Токиодаги мусобақаларга йўлланмани қўлга киритиш учун ҳаракат қилмоқда.
Университетда имконияти чекланган талабаларга назарий билимларни олишлари учун қулайликлар яратиш борасида талай ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий ўқув йилининг иккинчи ярмида эшитишда нуқсони бор талабалар дарсларни қулай имкониятларда ўзлаштиришлари учун назарий машғулотларни маъруза ўқитувчиси билан бирга сурдо таржимон олиб бориши йўлга қўйилди.
Эшитишда нуқсони бор талабалар маълумотларни эшитишдан кўра кўпроқ кўриб қабул қилишади. Дарсларни ҳам кўриб, кузатиб ўзлаштирадилар ва амалда синаб кўрадилар. Ўзларига керакли бўлган билимларни ҳаракатларда кўриб, махсус ўқув дастурлари орқали фанларни тез ва қулай ўрганадилар. Бунда сурдопедагог ва сурдо таржимонларнинг ёрдамлари катта бўлади.
Бугунги кунда “Таэквандо ва спорт фаолияти” факультетида сурдо таржимонга эҳтиёжи бор 9 нафар талаба ўқийди. Сурдо таржимон талабаларга назарий билимларни етказиш билан бирга уларни қизиқтирган масалаларда ҳам маълумотлар олишида ҳамкорлик қилмоқда. Талабалар бу қулайликдан миннатдор.