Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Умаралиев ҳамроҳлигида Оққўрғон туманидаги маданий-маърифий масканлар фаолияти ва айни кундаги ҳолатини кўздан кечирди.

Ҳудуддаги хароб аҳволга келиб қолган «Тарих ва ўлкашунослик» музейида айни пайтда жадал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирдан сўнг музей замонавий кўринишга эга бўлиши кутилмоқда. Суҳбат давомида Маданият вазири ушбу маданий маскан кенгайтирилиб, уни нафақат туман, балки вилоятнинг «Тарих ва ўлкашунослик» музейига айлантириш бўйича таклифини берди.

Маданият маркази биносида аввал туман маданият бўлими қошида очилган Маданият уйи фаолият олиб борган. Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, мазкур марказни таъмирлашга киришилган, айни пайтга келиб қурилиш ишлари деярли битказилган. Марказнинг таъмирлаш жараёнидаги муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шундан сўнг вазир бошчилигидаги вилоят мутасаддилари туман марказида қайтадан бунёд этилган Ёшлар боғида бўлиб, у ерда ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун яратилган шароит билан танишди. Ҳудудда фаолият юритаётган «Шамалак» сайлгоҳи меҳмонлар эътиборидан четда бўлмади. Ўрганишлар давомида Озодбек Назарбеков туман мутасаддиларига ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Оққўрғон туманидаги бу каби бунёдкорлик ишлари, албатта, аҳоли фаровонлиги, келажак авлод камолоти учун хизмат қилади.