Давра суҳбатида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолари, Яшнобод тумани ҳокимлиги вакиллари ва Экопартия фаоллари иштирок этди.
Тадбирни Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов очиб берди. У ўз сўзида бугунги кунда озон қатламининг тобора емирилиб бораётгани, озон - қуёшдан келаётган ультрабинафша нурлардан бизни ҳимоя қилувчи ягона қалқон эканига алоҳида тўхталиб ўтди.

—“Озон қатлами хақида гап кетар экан шу билан бир қаторда, экологик таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳам ниҳоятда юқори. Чунончи, Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, “Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она-табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин”. Зеро, экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Шунингдек, экологик таълим-тарбия ёшларни табиатдан онгли равишда фойдаланиш ва улар қалбида табиатга меҳр-муҳаббат уйғотиш ҳамда тежамкорликка ўргатишда қўл келади”-деди Тошкент шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев.
Яшнобод туман хокими маслаҳатчиси Озода Бекмуродова ўз сўзида тадбир иштирокчиларига “озон қатламини емирувчи моддалар-хлорфторуглерод тутган бирикмаларни ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши натижасида ўтган асрнинг 80-йиллари охирига келиб, Озон қатламини емирилиши натижасида “Озон дарчалари” ҳосил бўлиб, унинг ҳимоя функциялари сусайганлиги” хақида алохида тўхталиб ўтди.

Шу ўринда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти раиси Севара Файзиева, Ўзбекистон Экологик партияси Олмазор тумани партия ташкилоти раиси- Шахноза Умарходжаева, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Мирзо Карим ҳам ўз чиқишларида бугунги куннинг Экологик муаммолари ва Озон қатламининг нақадар аҳамиятли эканини таъкидлаб ўтишди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад аввало – Озон қатламига инсонлар томонидан етказилаётган салбий таъсирларни камайтириш, фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш, хамда Ўзбекистон Экологик партиясининг сайлов олди тарғибот ишларини амалга оширишдан иборатдир.
Тадбир иштирокчиларга кўтаринкилик ва табиатнинг ўзи қадар тоза руҳ бағишлади. Тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан аниқ жавоблар берилди.
Бу каби давра суҳбатлари ўсиб келаётган ёш авлодда она табиатни севишга, теварак-атрофни осойишта ва покиза сақлаш ҳақидаги тушунчаларининг кенг шаклланишига ёрдам беради ва ҳаётимиз хотиржамлиги ва ҳаловатини янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Экологик партияси
Тошкент шаҳар партия ташкилоти Матбуот хизмати