Жорий йилнинг 28 декабрь куни Адлия вазирлигида “Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар” ва “Ҳуқуқ билимдонлари” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни адлия вазири Русланбек Давлетов очиб, мамлакатимизда пандемия даврида аҳолини холис ва тўғри ахборот билан таъминлашда ОАВнинг ўрни, шунингдек, халқимиз, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онг ва дунёқарашини юксалтириш борасида ҳуқуқий тарғибот ишларининг аҳамияти хусусида тўхталди.
Таъкидланганидек, COVID-19 пандемияси 2020 йилда аксарият мамлакатлар кун тартибидаги асосий масалага айланди. Пандемия бошланганига қарийб бир йилга яқин вақт бўлса-да, экспертлар ҳалигача пандемиянинг қандай тугаши ҳақида аниқ фикр айта олгани йўқ. Бундай номаълумлик шароитида медиа ҳамжамият вакиллари эпидемияни ёритишда кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Бу жараёнда нафақат эпидемияга қарши, балки, инфодемияга қарши ҳам курашишга тўғри келмоқда.
-Ушбу йўналишда журналистларга кўмак бериш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда қатор семинарлар ташкил этилди,- дейди Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева.- Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “ОАВда фавқулодда вазиятларни ёритишнинг ҳуқуқий жиҳатлари” августда эса “Коронавирус ва ахборот: этика, ҳуқуқ ва холислик” мавзусида вебинарлар ўтказилди.
Шу билан бирга, пандемия даврида аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини доимий юксалтириб бориш, бу соҳада мавжуд муаммоларга қарши курашда журналистлар, блогерлар ва жамоатчиликнинг фаоллигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида “Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар” мавзуида танлов эълон қилинди.
Танловда оммавий ахборот воситаларида фаолият юритувчи журналистлар, эркин журналистлар, блогерлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Танловга 69 нафар иштирокчидан 461 та материал келиб тушди. Шундан 120 таси телевидение, 56 таси радио, 51 таси матбуот ҳамда 234 таси интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган материаллардир.
Танловга келиб тушган материаллар комиссия аъзолари томонидан адолатли ва ҳаққоний равишда бир нечта мезонлар асосида, жумладан, материалнинг тўғри ва холислиги, мазмуни ва таъсирчанлиги, долзарблиги, содда ва тушунарли эканлиги ҳамда маълумотлардан унумли фойдаланилганлик даражалари асосида баҳоланди.
“Адлия эътирофи” номинацияси бўйича ҳам кўплаб номзодларнинг фаолияти таҳлил қилинди ва энг муносиб деб топилган номзод ушбу номинацияга тавсия этилди.
Шунингдек, тадбирда Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини янада ошириш мақсадида жорий йил 12 октябрь куни старт берилган “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг ғолиблари ҳам тақдирланди.
-Танловда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграмм канали орқали иштирок этдим, -дейди мазкур танлов ғолибларидан бири, Фарғона вилоят сайлов комиссияси мутахассиси Аброр Отабоев.- Бу жараёнда матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришлар, ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар бўйича олган билимим жуда асқотди. Айни пайтда вилоят сайлов комиссияси мутахассиси сифатида мамлакатимизда ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ўзим ўқиб ўрганишим баробарида тенгдошларим, партиялар фаоллари ва кенг жамоатчилик ўртасида доимий тарғиб қилиб келмоқдаман. Мақсадим мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини шаклантириш билан боғлиқ ислоҳотларга ўз улушимни қўшишдир.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири