Россия таълим академиясининг янги тадқиқотида таъкидланишича, пандемия бошланишидан олдин ҳам мактабгача ёшдаги бола гаджетлар учун ҳафтасига ўртача 24 соат вақт сарфлаган. Бироқ, пандемия бу кўрсаткични оширди ва болалар вақтини кўпроқ ўйин ўйнашга, мультфильмларни томоша қилишга ва интернетда суҳбатлашишга сарфлади.

Тадқиқотда таъкидланишича, ўғил болалар видео томоша қилиш ва ўйин ўйнашга бир ярим баробар кўпроқ вақт сарфлашади. Аниқланишича, болаларнинг атиги 12 фоизи ота-оналари билан биргаликда, 62 фоизи мустақил равишда ўзи, яна 20 фоиз бола эса ака-укасининг ёрдамида гаджетлардан фойдаланади.

Россиялик изланувчилар карантин даврида болаларнинг қандай ривожланишини кузатди. Пандемия бошланишидан олдин ва бир йил ўтгач, 600 дан ортиқ болалар олимлар томонидан тадқиқотга жалб этилди. Тадқиқотчилар болаларда хотира ва диққатнинг ривожланиши, диққатни жамлаш, ўзини тутиш ва ҳис-туйғуларини бошқариш қобилиятини кузатди. Ҳар бир боланинг ривожланишини ҳисоблаб чиққан олимлар пандемиядан бир йил ўтгач ўсиш динамиканинг сезиларли даражада ёмонлашганини аниқлади. Маълум бўлишича, мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳиссий ва ақлий ривожланиши пасайиб кетган.

«Бизнинг тадқиқотларимиз анчадан бери давом этмоқда. Биз уни пандемия пайтида ҳам ўтказдик. Ва пандемияга қадар ўсган болалар билан ҳозирги болаларни таққослаганда, мактабгача ёшдаги, яъни беш ёшдан етти ёшгача бўлган болаларда ўзини-ўзи бошқариш, баъзи импульсларини жиловлай олиш қобилияти паст даражада экани маълум бўлди. Ва умуман олганда, бу ривожланиш суръати пасайганлигидан далолат беради», — деди Россия таълим академияси Психология институти академиги Aлександр Веракс.