Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Жаҳон банки ваколатхонаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари ва мутахассислари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида иштирокчиларга 2020 йил апрелидан 2021 йил январигача бўлган даврда пандемия мамлакат фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва психологик саломатлигига таъсирини баҳоловчи “Ўзбекистон фуқароларини тинглаш” (ЎФТ) лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқот натижалари тақдим этилди.
2020 йилнинг март ойида биринчи умуммиллий карантин жорий этилиши ортидан лойиҳа пандемиянинг фуқаролар ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва психологик саломатлигига таъсирини ҳам кузата бошлади. Инқироз бошланганидан буён жами 18 000 дан ортиқ уй хўжалиги ва 4000 дан ортиқ маҳалла раислари сўровномада қатнашди.
ЎФТнинг сўнгги натижаларига кўра, 2020 йил апрель ойида асосан пойтахтдаги меҳнат бозорини қамраб олган иш қидириш сайтларидаги бўш иш ўринлари сони ўтган йилга нисбатан 54 фоиздан зиёдга камайди. Декабрь ойида эса уларнинг сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиз камайгани кузатилди. Шу билан бирга, иш излаб эълон қолдирганлар сони кўпайган.
2020 йилнинг апрель ойида респондентларнинг ярмидан камроғи оила аъзоларидан бири карантин бошланганидан кейин ишни давом эттириш имкониятига эга бўлганини қайд этди. Бу эса аҳоли фаровонлигининг асосий манбаи — меҳнат даромадининг кескин пасайишига олиб келди. Иш билан бандлик бўйича дастлабки узилишларнинг аксарияти вақтинчалик бўлган бўлса-да, 2020 йилда тикланиш даражаси карантингача бўлган даражадан паст бўлган, айниқса, илгари ўз-ўзини иш билан банд қилган одамлар орасида.
2020 йилнинг ноябрь ойида аҳолининг нархлар кўтарилиб бораётганидан хавотирда экани кўпроқ кузатилди. Бироқ йил охирига келиб вазият барқарорлашди ва инқирозгача бўлган кўрсаткичларга қайтди.
Чет элда меҳнат миграциясининг кескин тўхтатилиши туфайли ўн минглаб оилалар анъанавий равишда уларга боғлиқ бўлган пул ўтказмаларидан маҳрум бўлиб қолди.
Пандемиядан сўнг оила аъзолари келажакда чет элга кўчиб ўтишни фаол равишда реажалаштираётган уй хўжаликлари улуши деярли нолга тушиб қолди. Уларнинг сони 2019 йилга нисбатан 2021 йилда ҳам пастлигича қолмоқда. Aҳолининг оммавий эмланганлигига қадар хорижга чиқиш бўйича чекловлар бутунлай бекор қилинмагунча вазият ўзгаришсиз қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Сўров натижаларига кўра, 2020 йил апрель ойидан буён тахминан 5,2 миллион кишига шошилинч ёрдам кўрсатилган. Уларга давлат томонидан нафақалар, ваучерлар ёки бир марталик пул маблағи шаклида ёрдам берилган.
Ёрдам олиш тўғрисидаги хабарлар шаҳардан келган респондентлар орасида икки баравар кўп учрайди. Умуман олганда, моддий ёрдамни даромади паст уй хўжаликларига манзилли етказишга эришилди.
2020 йилнинг сўнгги ойларида маҳалла раислари фуқароларнинг ижтимоий ёрдам бўйича мурожаатлари сони камайгани ҳақида хабар берди. Шундай қилиб, болали оилаларга (2 ёшгача) болаларни парвариш қилиш бўйича нафақа олиш учун янги мурожаатлар сони август ойида маҳаллаларнинг 58 фоизида кузатилган бўлса 2021 йилнинг январь ойида бу рақам 28 фоизни ташкил этди. Болали, кам таъминланган (2 ёшдан ошган) оилалар учун имтиёзлар бўйича янги аризалар сони шу давр мобайнида 51 фоиздан 32 фоизга тушган.
Кам таъминланганлар учун бошқа имтиёзлар бўйича аризалар (оилада фарзандлар борлиги билан боғлиқ бўлмаган) август ойида 56 фоиздан 2021 йилнинг январь ойида 21 фоизга қадар камайди. Август ойида бошқа хайрия жамғармаларига ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар маҳаллаларнинг 46 фоизида кўриб чиқилган бўлса, уларнинг сони 2021 йилда деярли нолга тушди.
Давра суҳбатида иштирок этган мутахассисларнинг фикрига кўра, фуқароларнинг шошилинч ва ижтимоий ёрдам сўраб қилган мурожаатларининг камайиши ижобий тенденция сифатида қаралиши мумкин. Чунки бу аҳолининг иқтисодий аҳволи изчил яхшиланаётгани кўрсаткичларидан биридир. Бу уй хўжаликлари томонидан ташқи ёрдамга эҳтиёж камайиб бораётганидан дарак беради.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати