Миллий Олимпия қўмитаси маълум қилишича, терма жамоа аъзолари маҳаллий об-ҳаво шароитига мослашган ҳолда ушбу муҳим мусобақага ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш учун БАА сафарига 34 нафар спортчи, 9 нафар мураббий, 2 массажчи ва 1 шифокор йўл олди.
Спортчиларимиз 7 февралга қадар Дубай шаҳрида халқаро ўқув-машғулот йиғини ўтказиши режалаштирилган.
Йиғин олдидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев бошчилигидаги ҳар икки ташкилот мутасадди раҳбарлари нуфузли мусобақага катта мақсадлар билан йўл олаётган спортчиларимиз билан учрашди.
МОҚ раҳбари спортчиларимиз билан суҳбатлашар экан, уларни янги 2021 йил – Олимпия ва Паралимпия йили билан қутлаб, бўлажак мусобақаларда омад ва зафарлар тилади. Ўз навбатида пара-атлетларимиз яратиб берилаётган барча шароит ҳамда юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунгача 16 нафар Паралимпия спортчиларимиз Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган.