Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабарига кўра, Аҳадхон мусобақанинг илк турида швециялик Тога Жохадсон, Жуманова эса португалиялик Жозефа Спайчелага қарши баҳс олиб борди. Ҳар иккала спортчимиз ҳам жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлади. 2-тур ўйинларида эса Аҳадхон польшалик Мичал Ракисга қарши дона сурди ва дуранг қайд этди. Дурдона эса индонезиялик Тита Пуспитага қарши баҳсда мағлуб бўлди.
3-тур ўйинларида Кимсанбоев испаниялик Сан Хуан Сантин Ааронга қарши, Жуманова эса колумбиялик Франко Перризга қарши дона суришади. Бу ўйинларда ҳар иккала вакилимизга ҳам омад тилаб қоламиз.
Маълумот ўрнида: Шахмат бўйича кўзи ожизлар ва заиф кўрувчи ёшлар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларида аёллар ўртасида 18 давлатдан 26 нафар спортчи, ёшлар ўртасида эса 13 давлатдан 13 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Мусобақа 17 июлга қадар давом этади.