Жорий йилнинг июнь ойида ХОҚ Париж-2024нинг бокс баҳслари учун саралаш мусобақалари IBA (Халқаро бокс федерацияси) ваколати остида ўтказилмаслигини эълон қилган эди.

Кеча, 8 сентябрь куни Лозаннадаги йиғилишда Париждаги ёзги Олимпиада ўйинлари саралаш тизимининг янги модели қабул қилингани эълон қилинди, дея хабар беради Спортни ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати. 

ХОҚ ҳамда бокс мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ушбу тизимга кўра, Олимпия саралаш турнирларининг асосини ХОҚ тасарруфидаги минтақавий комплекс мусобақалар ташкил этади ҳамда ўша турнирларнинг бокс баҳслари учун жавобгарлик IBA зиммасига юкланмайди.

2023 йилда бўлиб ўтадиган Пан Америка ўйинлари (Сантяго, Чили), Европа ўйинлари (Краков, Полша), Тинч океани ўйинлари (Соломон ороллари) ҳамда XIX ёзги Осиё ўйинлари (Ханчжоу, Хитой) каби турнирлар шулар жумласидан.

Шунингдек, ХОҚ расмийлари Африка Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси билан 2023 йилги Африка ўйинларининг бокс мусобақаларини ҳам мазкур дастур доирасига қўшиш борасида музокаралар олиб боряпти.

Лозаннадаги йиғилишда юқорида санаб ўтилган континентал мусобақалардан ташқари 2024 йилда иккита жаҳон саралаш турнирини ўтказиш бўйича ҳам дастур ишлаб чиқилаётганлиги маълум қилинган.

Париж-2024 бокс мусобақаларига тайёргарлик кўриш, саралаш мусобақаларни ташкил этиш ҳамда олимпиададаги бокс баҳсларини назорат қилиш комиссиясига ХОҚ аъзоси, Халқаро гимнастика федерацияси президенти Мауринари Ватанабе раҳбарлик қилади.

Маълумот учун: 2028 йили Лос-Анжелес (АҚШ) шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ўйинлари дастурларидан бокс чиқариб ташланди. Шу боис Париж-2024 бокс мусобақаси ўтказиладиган сўнгги Олимпия ўйинлари бўлиши ҳам мумкин.