Режиссёр Умид Қўчқоров. Сериалда шунингдек, Нозим Тўлахўжаев, Муқаддас Саъдуллаева, Йигитали Мамажонов, Нодира Маҳмудова ва бошқалар суратга тушишган.

Ситора Алимжанова қаҳрамони Пари сериал сюжетига кўра, отасининг иккинчи хотинидан дунёга келган қиз бўлиб, онаси вафот этган. Отаси уни ўз қарамоғига олиб, биринчи оиласига олиб келиб тарбиялайди. Етим бўлгани учун оиладагилар уни чиқиштиришмайди. Ўгай онаси ва ўгай опа-сингиллари учун у бегонадек.

Аммо, қизнинг ҳам феъли ўзига яраша бўлиб, у отасини фақат ўзиники, деб ҳисоблайди. Уни отасига меҳри жуда ҳам баланд. Тақдир Парининг бошига мураккаб синовларни келтирса ҳам, у бунга чидам билан бардош беради.

Ситора Алимжонова бу сериалда ҳам ўз қаҳрамони ролига жуда ҳам киришиб, гўёки шу қаҳрамон ҳаёти билан яшаган дейиш мумкин. Айниқса, унинг ижросидаги дардли саҳналар жуда ҳам таъсирли чиққан.

Ситора Алимжанова сериалдаги энг қийин саҳналарни ҳам, жону дилидан ижро қилишга интилган бўлиб, бу унинг актриса сифатида ўз устида тинимсиз ишлашидан далолатдир. Бир сўз билан айтганда, актриса ўз қаҳрамони характерини томошабинларга етарлича очиб бера олган. Томошабин унинг қаҳрамонига ҳайриҳоҳ бўлиб, ён босиши шубҳасиз. Чунки, Ситора Алимжанова томошабинни ўз қаҳрамони дардларига, кечинмаларига ишонтира олган.

“Парихона” сериали тез кунларда телеканаллардан бирида намойиш этилиши кутилмоқда.

Ситора Алимжанова  илк катта дебют ролини 2011 йилда режиссёр Мирмақсуд Охуновнинг “Сен кетма” фильмида ижро қилган. Шундан сўнг, унга клип ва фильмларда суратга тушиш учун таклифлар кўпайди. Ситора Алимжанова таклифларни қабул қилиб, кетма-кет роллар ижро қила бошлади.

Жумладан, 2012 йилда катта экранга чиққан “Кореялик келин”, 2013 йилда “Жаноб хот догчи”, “Куёвмисан куёв”, 2014 йил “Айрилиқ”, “Муҳаббатимсан”, 2015 йил “7 олам”, 2016 йилда “Мени сев”, “Кўз ёшим 2”, “Салом севги, хайр севги”, 2017 йилда “Йўқотилган жаннат”, “Эгизак ошиқлар”, “Севади, севмайди”, “Вой дод 2“, “Йиғладим сенсиз”, “Кореядаги севги”, “Жоним йиғлоқи”, “Салом севги”, “Тақдир ҳазили”, “Ҳеч ким билмасин”, 2018 йилда “Бегуноҳ”, “Қайсар севишганлар”, 2019 йилда “Истанбуллик миллиардер” фильмларида суратга тушди.

Бундан ташқари, у 2015 йилда “Автотест”, 2017 йилда “Ёш оила”, “Дўконда” 2018 йилда “Юраклар жанги”, 2020 йилда “Севги”, “Қочоқ”, “Шукурона”, 2021 йил “Аёл қасоси”, “Тикан”, 2022 йилда эса, “Юр муҳаббат” ҳамда “Парихона” сериалларида ўзига хос характерли ролларни ижро қилди.

Ситора Алимжанова шунингдек, хонандалардан Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Соғиниб”, Зиёданинг “Мени сев”, Баҳром Назаровнинг “Ҳижрон”, Ойбек ва Нигоранинг “Оппоғой”, Будурнинг “Хат”, Хадичанинг “Бир гўзал”, Шохруххоннинг “Сен кетма”, Рашид Холиқовнинг “Гапир-гапир”, “Беном” гуруҳининг “Бу тун”, Беҳрузнинг “Бегуноҳ”, Замзаманинг “Дардим ичимда”, “Йиғлама қуёш”, Ёдгор Мирзажонов ва Отаек Муталхўжаевнинг клипларида суратга тушган.  

Ситора Алимжанова нафақат актриса, балки бир неча қўшиқлар ижро қилган хонанда ҳамдир. Унинг “Бўлади” қўшиғи тингловчилар орасида оммалашган. У шунингдек, “Йўғу борим”, “Опажоним”, “Гап” қўшиқларини куйлаган.

Ситора Алимжанова ижод билан бир қаторда 2014-2020 йилларда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида таҳсил олган. Ижод билан бирга олийгоҳда ўқишни ҳам баробар олиб борган.

Оилавий ҳаётга кўра, Ситора Алимжанова 2017 йил турмушга чиққан ва 2020 йилда эса, фарзандли бўлган. Афсуски, маълум бир сабабларга кўра, 2021 йил турмушидан ажралган.