Дастлаб иштирокчилар “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Култепа маҳалласида бўлиб, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрда эълон қилинган “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси асосида қир-адирлар бағрида деҳқончилик қилаётган ёшлар билан суҳбатлашди. Туманда мева-сабзавотчилик, узумчилик ва оилавий тадбиркорлик соҳасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Тошкент вилоятидаги туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари орқали 50 мингдан ортиқ фуқароларга Электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитлари берилди. “E-AUKSION” электрон савдо платформасининг очиқ электрон танловида қатнашган фуқаролар томонидан 5 минг 321 та деҳқон хўжалиги ташкил этилди.
Халқаро медиа-тур давомида туман адлия бўлими Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан “Кумушкон” МФЙ ҳудудидаги Кумушкон қишлоқ аҳолисининг узоғини яқин қилиш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Қишлоқ аҳолисига бир қатор йўналишлар, жумладан, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, cув тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича навбатга қўйиш учун ариза бериш, электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича 15 дан зиёд сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тўғрисида ҳам кенг қамровли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Туман ФҲДЁ бўлими томонидан 8 йилдан буён шаръий никоҳда яшаб келаётган оиланинг никоҳи қонунийлаштирилиб, 2 та оиланинг фарзандларига муддати ўтган туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берилди.
Айни кунда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш мақсадида 800 дан ортиқ меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 56 таси Кумушкон қишлоғида. Журналистлар меҳмон уйларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
— Бугун Ўзбекистон ўзининг кўплаб тарихий-меъморий ёдгорликлари, турфа хил иқлими ва тез суръатларда ривожланаётган туристик салоҳияти билан бутун дунё диққатини ўзига тортмоқда, — дейди Хитой нинг “Синьхуа” ахборот агентлиги мухбири Цай Годун. — Мамлакатингиз Буюк ипак йўлининг савдо, савдогарлар ва саёҳатчилар йўлида жойлашганлиги сабабли ҳам маданият, тарих, анъана ва экзотик мамлакатларга қизиқувчилар учун мафтункор сайёҳлик йўналишларидан бирига айланмоқда. Бугунги медиа-тур давомида Паркент туманининг ўзига хос табиати, одамлари билан танишдик. Меҳмон уйларида сайёҳларга яратилган қулайликларни кўриб, рости, бу жойдан кетгимиз келмай қолди. Баланд тоғлар, гўзал табиат, тоза ҳаво қўйнида сайр қилиш ҳар қандай кишига ҳузур бағишлайди. Кумушкон қишлоғида “Туризм қишлоғи” лойиҳаси асосида бу ерда туризм жозибадорлигини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ободончилик ишлари ва бошқа туризм объектларини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда экан.
Тадбирнинг кейинги манзили “Номданак” МФЙ ҳудудида жойлашган “Zamona Rano” МЧЖ бўлди. Маълумки, тоғларда ўсувчи турли хил шифобахш гиёҳлар кўплаб касалликларга даво бўлиб, даволовчи ва қувват берувчи хусусиятларга эга. Тадбир иштирокчилари гиёҳларнинг тайёрланиш ва қадоқланиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Медиа-тур давомида ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилиб, бошқарма масъуллари журналистларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб беришди.
Эркин Дорипов,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича
етакчи маслаҳатчиси