– Бирор ишни бошлаганда яқинларнинг далдаси, ишончи кишига куч-қувват берар экан, – дейди тадбиркор. – Онам ва яқинларимнинг кўмаги, айниқса, туман ҳокимлигининг ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаши, хусусан, кредит ажратилишидаги ёрдами одамни руҳлантириб, ишни янада жонлантиришга туртки бўлди.

Дарҳақиқат, тадбиркорлик осон иш эмас. Айниқса, тикувчилик корхонасини юритишнинг ўзи бўлмайди. Хомашё топиш, ускуналарни бошқариш, тайёр маҳсулотларни сотиш учун бозор топиш, ишчиларга ойлик маош бериш учун доимо елиб-югуриш керак. Дастлаб Ирода опа ҳам бироз қийналди. Маблағ етишмаслиги сабабли цехни тўлиқ қувватда ишлатишнинг имкони бўлмади. Муаммо яна маблағга бориб тақалди. Банкдан яна кредит олишга тўғри келди. Ўтган йили 30 млн. сўм миқдорида кредит олгач, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйишга муваффақ бўлди.

Айни пайтда Ирода Мирзукурова бошчилик қилаётган цех тўлиқ қувватда фаолият кўрсатяпти. 25 нафар маҳаллий хотин-қизларнинг бандлиги ҳам таъминланган. Шу билан бирга, жамоага энди келаётган хотин-қизларга тикувчилик сир-асрорларини ҳам ўргатиб, шогирдлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Бугун энг асосийси, корхона маҳсулотлари харидоргир. Импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганлиги боис, уларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Сифати, пишиқ-пухталиги, ташқи дизайни жиҳатидан маҳсулотлар хорижникидай қолишмайди. Шу боис, жамиятнинг молиявий имконияти ҳам яхшиланиб бормоқда.

Тайёрланган маҳсулотлар, яъни кўрпа-ёстиқлар жилдлари, эркаклар устки ва ич кийимлари, трикотаж маҳсулотлари юртимиз ички бозори билан бирга, Россия ва Қозоғистон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Хуллас, Паркент туманидаги «Ойқиз она қизлари» корхонасида ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар “Made in Uzbekistan” тамғаси остида хорижга жўнатиляпти.

Дониёр ҚУРБОНХЎЖАЕВ.